Skip to Main Content
Правила страхования

Правила страхования газобаллонного оборудования

Полный текст: что застраховано, исключения, действия при страховом случае и выплата.

53
пункта
12
разделов
UZ
и Русский

Правила страхования газобаллонного оборудования

Преамбула

Кейинги ўринларда — Суғурталовчи деб номланувчи, “APEX INSURANCE” акциядорлик жамияти, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига ҳамда мазкур суғурта қилиш Қоидаларига мувофиқ газ-баллон ускунасини комплекс суғурта қилишни амалга оширади.

Суғурта қилдирувчининг мазкур Қоидаларнинг шартларига мувофиқ суғурта шартномасини (суғурта полисини) тузишга розилиги, Суғурта қилдирувчини суғурта мукофоти тўлаши ва суғурта шартномаси тузиладиган шартларни ўз ичига олган суғурта полисини олиши билан тасдиқланади. Мазкур Қоидалар суғурта полисининг ажралмас қисми ҳисобланади.

Агар суғурта шартномасида (суғурта полисида) мазкур Қоидалар қўлланилиши тўғридан-тўғри кўрсатилган бўлса ва/ёки суғурта шартномасида (суғурта полисида) Суғурталовчининг Интернет тармоғидаги расмий сайтига жойлаштирилган Қоидалар матнига ҳавола/гиперҳавола кўрсатилган бўлса, суғурта шартномаси, мазкур Қоидалар шартларида тузилган ҳисобланади.

Суғурталовчи мазкур Қоидаларга мувофиқ мазкур Қоидаларда бириктирилган суғуртанинг алоҳида шартлари ва (ёки) уларни комбинацияси асосида алоҳида суғурта Дастурларини шакллантиришга, бундай суғурта дастурларига маркетинг номларини қўйишга ҳақли.

1. Атамалар

Мазкур Қоидаларда ишлатиладиган термин ва атамалар қуйидаги тушунчаларга эга:

Газ баллон ускунаси (бундан буён матнда-ГБУ) - сиқилган табиий газда, суюлтирилган нефть газида ёки дизель ва газсимон ёқилғи аралашмасида автотранспорт восита двигателининг ишлашини таъминлайдиган махсус ускуна.

Суғурталанган шахслар — суғурта ҳодисаси содир бўлган вақтда, суғурталанган транспорт воситасининг ичида бўлган, ҳайдовчи ва/ёки йўловчилар.

Ҳайдовчи — суғурталанган транспорт воситасини қонуний асосларда бошқарувчи ва амалдаги тегишли тоифадаги транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқи бўйича белгиланган намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида ўрнатилган тартибда суғурталанган транспорт воситасини бошқаришга қўйилган жисмоний шахс.

Наф олувчилар — уларнинг фойдасига мазкур суғурта шартномаси (суғурта полиси) тузилган шахслар. Мазкур Қоидаларга кўра, қуйидагилар Наф олувчилар ҳисобланади:

“ГБУнинг яроқсизлиги” таваккалчилиги бўйича — Суғурта қилдирувчи;

“Суғурталанган шахслар билан бахтсиз ҳодиса” таваккалчилиги бўйича — Суғурталанган шахслар ёки уларнинг қонуний меросхўрлари.

Сервис маркази — транспорт воситаларига ГБУ ўрнатиш, унга техник хизмат кўрсатиш ва синаш, шу жумладан ГБУни техник кўрикдан ўтказиш бўйича хизматлар кўрсатувчи ташкилот.

ГБУ яроқсизлиги — ЙТҲ, ёнғин ёки портлаш натижасида ГБУни демонтаж қилиш ва кейинчалик алмаштириш зарурати билан боғлиқ шикастланишлар.

Йўл-транспорт ҳодисаси (бундан буён матнда – ЙТҲ) – транспорт воситасининг йўлдаги қатнови жараёнида содир бўлиб, фуқароларнинг ўлими ёки уларнинг соғлиғига зарар етишига, транспорт воситалари, иншоотлар, юклар шикастланишига ёки бошқа тарзда моддий зарар етказилишига сабаб бўлган ҳодиса.

Портлаш — қисқа муддат оралиғида чекланган катта ҳажмдаги энергиянинг чиқиши ва ажралиши билан келтириб чиқарган, кенгаётган газ ва буғларнинг талофатли таъсири билан кузатиладиган шиддат билан кечадиган жараён.

Ёнғин – очиқ олов манбаларининг суғурталанган транспорт воситасига ташқи таъсир натижасида юзага келган, бироқ, транспорт воситасининг ўз-ўзидан ёниши ва/ёки транспорт воситаси электр ускунасининг қисқа туташуви, носозлиги ва/ёки авария режимида ишлаши билан боғлиқ бўлмаган назоратсиз ёниши.

Суғурталанган шахслар билан бахтсиз ҳодиса — Газ баллон ускунасини нобуд бўлиши ва/ёки шикастланиши оқибатида транспорт воситасида бўлган Суғурталанган шахсларнинг (йўловчилар ва/ёки ҳайдовчининг) тан-жароҳатлар олиши, умумий меҳнатга лаёқатини доимий йўқолиши (ногиронлиги) ёки ўлими.

Биринчи суғурта ҳодисасига қадар суғурта қилиш — мазкур Қоидаларга кўра суғурталанган таваккалчиликлар бўйича биринчи суғурта ҳодисаси юз берганда, суғурта товонининг тўланиши, Суғурталовчининг Суғурта қилдирувчи олдидаги суғурта полиси бўйича мажбуриятларни тўлиқ бажарганлигини англатади, бунда суғурта полисининг амал қилиш муддати тугатилади.

Суғурта даври – суғурта полисида кўрсатилган, мазкур Қоидаларнинг шартларига мувофиқ суғурталовчининг суғурта товонини тўлаш бўйича мажбуриятлари амал қиладиган вақт оралиғи.

Газ баллон ускунасини суғурта (ҳақиқий) қиймати — рақобат шароитида очиқ бозордан айнан шундай Газ баллон ускунасини сотиб олиниши мумкин бўлган қиймат.

Суғурта пули — суғурта ҳодисаси содир бўлганда, Суғурталовчининг чегараланган жавобгарлик доирасини ифодаловчи пул маблағлари миқдори. Мазкур Қоидаларнинг шартларига кўра, суғурта пули ҳар бир суғурта таваккалчилиги учун суғурталовчининг жавобгарлиги чегараларининг йиғиндисини ифодалайди.

Суғурта ҳудуди — суғурта ҳимоясининг амал қилиши татбиқ этиладиган Ўзбекистон Республикаси ҳудуди.

Юқорида назарда тутилган барча термин ва атамалар мазкур Қоидаларда улар учун белгиланган маъноларга эга. Мазкур Қоидалардаги термин ва атамалар маънога эга бўлмаган тақдирда, уларнинг маънолари Ўзбекистон Республикасининг меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлари билан эътироф этилади.

2. Суғурта объекти

2.1

Суғурта қилдирувчининг (Наф олувчининг, Суғурталанган шахснинг) Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига зид бўлмаган қуйидагилар билан боғлиқ мулкий манфаатлари суғурта объекти ҳисобланади:

ГБУни демонтаж қилиш ва кейинчалик алмаштириш зарурати билан боғлиқ шикастланишлар;

бахтсиз ҳодиса натижасида Суғурталанган шахснинг соғлиғига зарар етиши, шунингдек вафот этиши.

3. Суғурта ҳодисаси

3.1

Мазкур Қоидаларга кўра суғурта даврида содир бўлган қуйидаги суғурта таваккалчиликлари натижасида Наф олувчига зарар етказилишини келтириб чиқарган воқеалар, суғурта ҳодисаси деб ҳисобланади:

а) ГБУнинг яроқсизлиги;

б) Суғурталанган шахслар билан бахтсиз ҳодиса.

4. Истиснолар

4.1

Қуйидагилар (қуйидаги ҳолатлар) суғурта ҳодисаси деб ҳисобланмайди ва уларнинг оқибатида юзага келган зарар (зиён) қоплаб берилмайди:

Суғурта қилдирувчи, Ҳайдовчи ёки Суғурталанган шахсларнинг суғурта ҳодисаси содир бўлишига қаратилган қасддан қилган ҳаракатлари ва/ёки ҳаракатсизлиги, уларнинг ўз фуқаролик бурчларини адо этиши ёки Суғурта қилдирувчи, Ҳайдовчи, Суғурталанган шахсларнинг ёки учинчи шахсларнинг фуқаролик бурчини бажариш ёки ҳаёти, соғлиғи, обрўси ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш билан боғлиқ бўлган ҳаракатлари бундан мустасно;

Суғурталовчига суғурта объекти, зарарнинг сабаблари ва миқдори тўғрисида Суғурта қилдирувчи, Ҳайдовчи ёки Суғурталанган шахслар томонидан била туриб ёлғон маълумотлар берилиши, шунингдек воқеа тафсилотларини тасдиқлашга ёхуд зарар миқдорига доир сохталаштирилган ҳужжатлар тақдим этилиши;

мазкур Қоидаларда белгиланган муддатларда ва усулда содир бўлган суғурта ҳодисаси ҳақида Суғурталовчини ёки ваколатли шахсларни хабардор қилмаслик, шу жумладан ўз вақтида хабар бермаслик;

Суғурталовчига таъмирлангунга қадар шикастланган ГБУни кўздан кечириш учун тақдим этилмаслиги, Суғурталовчини ўзи кўздан кечиришни рад этиши бундан мустасно;

табиий жараёнлар: жисмоний эскириши, оксидланиши, занглаши; чириши, бижғиши; моғор, замбуруғ ҳосил бўлиши; конденсат пайдо бўлиши, намлик, нураши, қуриши, чарчаши, қурилмада иссиқлик сақланишининг пасайиши (музлаб қолиши ва ш.ҳ.);

ГБУдан фойдаланиш бўйича белгиланган муддатнинг ёки ёнилғи қуйиш циклларининг энг кўп сони тугаганда, ёхуд меъёрий ҳужжатлар талабларига мувофиқ ГБУни утилизация қилиш муддати келганда;

хизмат кўрсатиш маркази ҳужжати билан тасдиқланган, ишлаб чиқарувчининг фойдаланиш бўйича йўриқномасида баён этилган, лекин булар билан чекланмаган ҳолда, жумладан ГБУни ўрнатиш, сақлаш ва (ёки) ундан фойдаланиш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг 11.11.2015 йилдаги 326-сон қарори билан тасдиқланган “Сиқилган табиий газда, суюлтирилган нефть газида ёки дизель ва газсимон ёқилғи аралашмасида ишлайдиган транспорт воситаларининг хавфсизлиги тўғрисида умумий техник регламент”ига, ёнғин хавфсизлиги қоидалари, ёнувчан ва портловчи моддаларни ва нарсаларни ташиш қоидалари шартларининг бузилиши;

транспорт воситасини двигатели ва бошқа боғламалари ва агрегатларини қиздириб олиш учун очиқ олов манбаларидан фойдаланилса;

транспорт воситасида чекиш ёки олов билан эҳтиётсиз муомала қилиниши келтириб чиқарган ГБУни шикастланиши;

қонунчиликда ўрнатилган тартибда сертификатлаштирилмаган ГБУ билан жиҳозланган транспорт воситасидан фойдаланилиши (мазкур истисно ишлаб чиқарувчи завод томонидан ГБУ билан жиҳозланган транспорт воситасига нисбатан татбиқ этилмайди) ёки ГБУнинг ўз вақтда техник кўрикдан ўтказилмаганлиги;

4.2

Суғурталовчи суғурта ҳодисаси қуйидагилар оқибатида содир бўлганда, суғурта товони тўлашдан озод қилинади:

ҳарбий бостириб кириш акти, ҳарбий ҳаракатлар, манёврлар ёки бошқа ҳарбий ёки бошқа шунга ўхшаш тадбирлар (уруш эълон қилинган ёки қилинмаганлигидан қатъи назар), фуқаролик уруши;

қўзғолон, оммавий фуқароларнинг тартибсизликлари, миллат миқёсида иш ташлаш;

шахс ёки бир гуруҳ шахслар томонидан амалга оширилган террорчилик ҳаракати;

ядро портлаши, радиация таъсири ёки радиоактив заҳарланиш;

суғурталанган транспорт воситаси давлат органларининг фармойиши билан олиб қўйилиши, мусодара қилиниши, реквизиция қилиниши, хатланиши ёки йўқ қилиб ташланиши.

4.3

Суғурталовчи мазкур Қоидаларда, суғурта Шартномасида (суғурта полисида) назарда тутилмаган ва/ёки қайд этилмаган ҳар қандай воқеаларга, шунингдек суғурта ҳудуди ёки суғурта Шартномасининг (суғурта полисининг) амал қилиш муддатидан ташқарида содир бўлган воқеаларга нисбатан жавобгарлик олиб борилмайди. Суғурталовчи, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган ҳолларда суғурта товонини тўлаш мажбуриятидан озод қилинади.

4.4

Агар Суғурта қилдирувчи (Ҳайдовчи/Наф олувчи) мазкур Қоидаларнинг ва суғурта шартномасининг (суғурта полисининг) шартларини бузганлиги Суғурталовчи томонидан аниқланса, ёки Суғурта қилдирувчи (Ҳайдовчи/Наф олувчи) зарар учун жавобгар шахсга нисбатан ўзининг талаб қилиш ҳуқуқидан бош тортса ёки Суғурта қилдирувчининг (Ҳайдовчининг/Наф олувчининг) айби билан бундай ҳуқуқни амалга ошириш мумкин бўлмаса, Суғурталовчи суғурта товонини тўламайди (Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 957 моддаси).

5. Суғурта пули ва суғурта мукофоти

5.1

Суғурта пули ҳар бир суғурта таваккалчилиги бўйича алоҳида ҳисобланади, жами 56 000 000 (эллик олти миллион) сўмни ташкил этади ва қуйидаги миқдорларда тақсимланади;

“ ГБУнинг яроқсизлиги” таваккалчилиги бўйича — 6 000 000 (олти миллион) сўм;

“Суғурталанган шахслар билан бахтсиз ҳодиса“ таваккалчилиги бўйича — 50 000 000 (эллик миллион) сўм ва транспорт воситасининг бутун салони учун яхлит ҳолда ўрнатилади (паушал тизими). Паушал тизим бўйича суғурта қилишда Ҳайдовчи ва ҳар бир йўловчи қуйидагича суғурталанган ҳисобланади:

агар битта Суғурталанган шахс жабрланса, суғурта пулининг 40 фоизи миқдорида;

агар иккита Суғурталанган шахс жабрланса, суғурта пулининг 35 фоизи миқдорида;

агар учта Суғурталанган шахс жабрланса, суғурта пулининг 30 фоизи миқдорида;

агар учдан ортиқ Суғурталанган шахс жабрланса, суғурта пулидан тенг улушларда.

5.2

Суғурта мукофоти ҳар бир суғурта таваккалчилиги бўйича алоҳида ҳисобланади, жами 35 300 (ўттиз беш минг уч юз) сўмни ташкил этади ва қуйидаги миқдорларда тақсимланади;

а) “ ГБУнинг яроқсизлиги” таваккалчилиги бўйича — 20 150 (йигирма минг бир юз эллик) сўм;

б) “Суғурталанган шахслар билан бахтсиз ҳодиса“ таваккалчилиги бўйича — 15 150 (ўн беш минг бир юз эллик) сўм.

5.3

Суғурта мукофоти, пул маблағларини Суғурталовчини банк ҳисоб рақамига ўтказиш йўли билан ёки Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан рухсат этилган бошқа тўлов тизимлари воситасида бир йўла тўланади.

5.4

Суғурта Шартномаси (суғурта полиси) бўйича барча ўзаро ҳисоб-китоблар Ўзбекистон Республикаси миллий валютасида – сўмда амалга оширилади.

5.5

Пул маблағлари Суғурталовчи ҳисоб рақамига келиб тушган кун суғурта мукофоти тўланган сана ҳисобланади.

5.6

Суғурта полиси бўйича суғурта товони тўланганидан кейин суғурта полиси суғурта пули ва у бўйича суғурта товони тўланган сумма ўртасидаги фарқ миқдорида амал қилишда давом этади.

6. Суғурта шартномасининг (суғурта полисининг) амал қилиш муддати. Суғурта шартномани (суғурта полисини) бекор қилиш тартиби

6.1

Суғурта полиси мазкур Қоидалар шартларига мувофиқ Суғурта қилдирувчига унинг

ёзма ёки оғзаки аризасига биноан Суғурталовчи томонидан электрон ҳужжат шаклида тузилган суғурта полисини юбориш йўли билан расмийлаштирилади.

6.2

Суғурта полиси 1(бир) йил муддатга шартлашилган суғурта мукофоти тўлиқ ҳажмда тўлангандан кейин «Биринчи суғурта ҳодисасига қадар» шартида берилади. Суғурта мукофоти тўланган кундан кейинги куннинг 00:00 соатидан суғурта полисининг амал қилиш муддати бошланади.

6.3

«Биринчи суғурта ҳодисасига қадар» суғуртасида Суғурталовчи суғурта полиси шартларига тўғри келувчи, Суғурта қилдирувчи томонидан биринчи марта хабари берилган суғурта ҳодисаси бўйича суғурта товонини тўлаб беради. Суғурта полисининг амал қилиш муддати, Суғурта қилдирувчи томонидан биринчи марта хабари берилган суғурта ҳодисаси бўйича суғурта товонини тўланган пайтдан тугайди.

6.4

Суғурта полиси унинг амал қилиш муддати тугаганда, шунингдек Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида   назарда тутилган ҳолларда ва тартибда бекор қилинади.

7. Томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

7.1

Суғурта қилдирувчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

суғурта полиси амал қилиш муддатида мазкур Қоидаларнинг ва суғурта шартномасининг (суғурта полисининг) шартлари бўйича маслаҳатлар олишга;

суғурта ҳодисаси содир бўлганда, суғурталанган таваккалчилик бўйича, суғурта полисида белгиланган суғурта пули чегарасида суғурта товонини олишга;

Суғурталовчидан мазкур Қоидаларнинг ва суғурта шартномасининг (суғурта полисининг) шартларини бажарилишини талаб этишга.

7.2

Суғурта қилдирувчи мажбур:

Мазкур Қоидаларида ва Суғурта шартномасида (суғурта полиси)да шартлашилган суғурта мукофотини белгиланган миқдор ва тартибда ўз вақтида тўлаши;

Ҳайдовчиларга мазкур Қоидалар ва суғурта шартномасининг (суғурта полисининг) талабларини етказиши;

суғурта шартномасини (суғурта полисини) расмийлаштирилаётганда маълум қилган ҳолатлар бўйича ҳар қандай муҳим ўзгаришлар тўғрисида Суғурталовчига дарҳол ёзма равишда хабар бериш, Суғурталовчига барча ҳужжатларни (далил ва исботларни), шунингдек Суғурталовчига ўтказилган суброгация ва регресс тартибида ўтказилган талаб қилиш ҳуқуқини амалга ошириш учун зарур бўлган барча маълумотларни тақдим этиш.

Муҳим деб қуйидаги ўзгаришлар тан олинади: транспорт воситаси конструкциясига ГБУ ишлашининг хавфсизлигига таъсир этувчи ўзгартиришлар киритиш; ГБУнинг сертификатланмаган қисмлари, узеллар ёки компонентларидан фойдаланиш; газ баллонларига техник хизмат кўрсатиш ва уларни даврий текширувдан ўтказиш қоидаларини бузиш ва ҳоказо;

г)  Вазирлар Маҳкамасининг 11.11.2015 йилдаги 326-сон қарори билан тасдиқланган “Сиқилган табиий газда, суюлтирилган нефть газида ёки дизель ва газсимон ёқилғи аралашмасида ишлайдиган транспорт воситаларининг хавфсизлиги тўғрисида умумий техник регламент”ига, ёнғин хавфсизлиги қоидалари, ёнувчан ва портловчи моддаларни ва нарсаларни ташиш қоидалари талабларига риоя қилишга;

етказилган зарарнинг айбдор шахс томонидан ёки айбдор шахснинг фуқаролик жавобгарлиги суғурталанган суғурта компанияси томонидан қопланиши ҳақида Суғурталовчини хабардор қилиш.

7.3

Суғурталовчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

суғурта полиси расмийлаштирилгунга қадар ва ундан кейин исталган вақтда ГБУнинг ҳолати ва қийматини баҳолаш учун кўрсатишни Суғурта қилдирувчидан талаб қилиш, шунингдек Суғурта қилдирувчи маълум қилган маълумотларни тўғрилигини текшириш;

зарурият туғилганда, содир бўлган суғурта воқеаси факти ва сабабларини, шунингдек етказилган зарарнинг рўйхати ва хусусиятларини тасдиқловчи ҳужжатлар ва ахборотларни тақдим этиш юзасидан ваколатли органларга сўров юборишга;

в) суғурта товонини тўлашни рад этишга, агар Суғурта қилдирувчи:

била туриб суғурталанган суғурталанган транспорт воситаси/суғурта воқеасига оид ёлғон ва нотўғри маълумотларни тақдим этган бўлса;

мазкур Қоидаларнинг шартларини бажармаётган бўлса;

содир бўлган суғурта ҳодисаси тўғрисида Суғурталовчини ва/ёки ваколатли органларни мазкур Қоидаларда белгиланган муддатларда ва усулда ўз вақтида ва узрли сабабсиз хабардор этмаса;

мазкур Қоидалар ва суғурта шартномасидан фойда чиқариш мақсадида алдов усуллари ва воситаларидан фойдаланса;

зарар етказган шахсга даъво қилишдан ва/ёки унга нисбатан талабларни амалга оширишни таъминловчи ҳуқуқлардан бош тортса, шунингдек зарар етказган шахсга регресс талабларини қўйиш учун зарур бўлган ҳужжатларни Суғурталовчига тақдим этишдан бош тортса;

агар зарар миқдори зарар етказган шахс томонидан тўлиқ қопланган бўлса;

Суғурта қилдирувчи томонидан содир бўлган воқеа характери, сабабларини аниқлаш учун зарур бўлган ҳужжат ва маълумотларни тақдим этмаса ёки била туриб ёлғон ҳужжат ва маълумотларни тақдим этса;

содир бўлган воқеа мазкур Қоидаларда назарда тутилган истисноларга кирадиган бўлса;

суғурта таваккалчилиги ошган тақдирда, суғурта шартларини ўзгартиришни ёки таваккалчиликнинг ошишига мутаносиб равишда қўшимча суғурта мукофоти тўлашни талаб қилишга.

7.4

Суғурталовчи мажбур:

Суғурта қилдирувчига мазкур Қоидалар ва суғурта шартномаси (суғурта полиси) бўйича маслаҳатлар беришга;

мазкур Қоидаларда белгиланган муддат ва тартибда суғурта полисини беришга;

суғурта ҳодисаси содир бўлганда, мазкур Қоидаларда ва суғурта шартномаси (суғурта полиси) белгиланган тартибда суғурта товонини тўлаб беришга.

Суғурталовчи ва Суғурта қилдирувчи қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлишлари ва ўз зиммаларига бошқа мажбуриятларни ҳам олиши мумкин.

8. Суғурта ҳодисаси белгиларига эга бўлган воқеа содир бўлганда,томонларнинг хатти-ҳаракатлари

8.1

Суғурта ҳодисаси белгиларига эга бўлган воқеа содир бўлганда, Суғурта қилдирувчи (Наф олувчи, Ҳайдовчи) қуйидагиларга мажбур:

8.1.1

жабрланувчиларнинг ҳаёти ва соғлиғини асраб қолиш учун зудлик билан барча чораларни кўришга, шикастланган ГБУни фото - ёки видео орқали суратга олишни амалга оширишга.

8.1.2

шикастланган ГБУни, Суғурталовчи (унинг вакили) кўздан кечиргунга қадар, шикастланишга олиб келган воқеа содир бўлгандан кейин у бевосита қандай ҳолатда бўлса, шундайлигача асраб қўйиш.

Шикастланишнинг даражаси ва хусусиятини ўзгартириш фақат ваколатли органларнинг талабларига мувофиқ, хавфсизлик ва/ёки одамларни қутқариш, зарарни камайтириш нуқтаи назаридан йўл қўйилади ёки агар бунга Суғурталовчини розилиги олинган бўлса: бундай ҳолатда, Суғурта қилдирувчи тафсилот билан боғлиқ бўлган барча шикастланишларни фото- ёки видео ёрдамида суратга олиш орқали фиксация қилиши ва ушбу материалларни Суғурталовчига тақдим этиши шарт;

8.1.3

дарҳол – суғурта воқеаси содир бўлган пайтдан 72 (етмиш икки) соатдан кечиктирмасдан ҳар қандай мумкин бўлган усулда, Суғурталовчини ёки унинг вакилини хабардор қилишга;

8.1.4

Суғурталовчига 5 (беш) банк иш куни ичида суғурта ҳодисаси белгиларига эга бўлган воқеа содир бўлганлиги тўғрисидаги ёзма хабарномани йўллашга, шунингдек суғурта ҳодисаси белгиларига эга бўлган воқеа сабаблари, факти ва тафсилотларини, етказилган зарар миқдорини тасдиқловчи барча зарур ҳужжат ва далилларни, шу жумладан мазкур Қоидаларнинг 9 бўлимида белгиланган ҳужжатларни тақдим этишга;

8.1.5

воқеани ҳужжатлар билан тасдиқланишини таъминлаш мақсадида дарҳол ваколатли органларга мурожаат этишга, шу жумладан:

ЙТҲда – ЙҲХББга

ёнғин ва портлаш ҳолатида – ФВВ органларига ва/ёки ЙҲХББга. Ёнғин ва портлашга оид ҳужжатларда уларнинг сабаблари кўрсатилиши шарт;

8.1.6

Суғурталовчи ёки мустақил баҳоловчи (эксперт ташкилоти (баҳоловчи/ мустақил эксперт) нинг шикастланган ГБУни кўздан кечириш учун тўсиқсиз кириш имкониятини таъминлаш.

8.2

Агар мазкур Қоидаларнинг 8.1.1- 8.1.6 кичик бандларида белгиланган мажбуриятлар Суғурта қилдирувчи (Наф олувчи, Ҳайдовчи) томонидан бажарилмаслиги натижасида содир бўлган суғурта ҳодисаси фактини, унинг содир бўлиш тафсилотларини, етказилган зарар миқдорини (суғурта тўлови миқдори) аниқлаш имкони бўлмаса, Суғурталовчининг суғурта товонини тўлаш бўйича мажбурияти юзага келмайди.

9. Суғурта ҳодисаси белгиларига эга бўлган воқеа содир бўлганда, суғурталовчига тақдим этиладиган ҳужжатлар

Суғурта даъволарини кўриб чиқиш тартиби

9.1

Суғурта воқеаси содир бўлганлиги тўғрисида ёзма ариза тақдим этилгандан кейин Суғурта қилдирувчи/Наф олувчи 5 (беш) банк иш куни ичида қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиши лозим:

суғурта полиси;

белгиланган тартибда расмийлаштирилган рухсат бериш ҳужжатлар ва ўрнатилган ГБУнинг паспорт маълумотлари;

ГБУни мажбурий техник кўрикдан ўтганлиги фактини тасдиқловчи ҳужжатлар;

демонтаж ишлари амалга оширилиши бошланишига қадар шикастланган ГБУнинг фото ва видеоси;

сервис марказининг ГБУдан фойдаланиш қоидалари бузилмаганлиги, аниқланган зарар, зарарнинг хусусиятлари ва сабаблари, шунингдек таъмирга яроқлилиги бўйича маълумотнома / хулоса / кўздан кечириш далолатномасининг асл нусхаи;

қонунчиликда белгиланган тартибда расмийлаштирилган ҳужжатлар, шу жумладан – ваколатли органлар ҳужжатлари, суд қарорлари, ва суғурта ҳодисаси белгиларига эга содир бўлган воқеанинг жойи, вақти ва тафсилотларини, суғурта товони миқдорини аниқлаш учун Суғурталовчига зарур бўлган маълумотлар.

Бундай ҳужжатларга қуйидагилар киради:

ЙТҲ жойи, вақти ва иштирокчилари тўғрисидаги ахборотларни ўз ичига олувчи ЙҲҲББ томонидан берилган маълумот ва/ёки суд қарори – ЙТҲ содир бўлганда;

ёнғин/портлаш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси ФВВлиги органларининг далолатномаси ёки маълумотномаси – ёнғин/портлаш ҳодисасида;

Суғурталанган шахснинг меҳнатга лаёқатсизлигини йўқотиш фактини тасдиқловчи ҳужжатлар ёки Суғурталанган шахснинг ўлими фактини тасдиқловчи ва уларнинг юзага келиш ҳолатларини тавсифловчи ҳужжатлар (Суғурталанган шахс даволанган тиббиёт муассасаларидан маълумотномалар ва кўчирмалар; касаллик варақалари; Суғурталанган шахснинг ногиронлик гуруҳини аниқлаш тўғрисидаги маълумотнома; ФХДЁ органи томонидан берилган Суғурталанган шахснинг ўлими тўғрисидаги гувоҳнома, ўлим тўғрисидаги тиббий гувоҳнома ва бошқалар) –“Суғурталанган шахслар билан бахтсиз ҳодиса” таваккалчилиги бўйича.

9.2

Суғурталовчи юқорида баён этилган ҳужжатлар рўйхатини қисқартиришга, шунингдек Суғурта қилдирувчидан/Наф олувчидан қўшимча ҳужжатларни, агар уларнинг мавжуд эмаслиги муайян тафсилотларнинг ҳисоби билан суғурта ҳодисасини содир бўлганлиги фактини аниқлаш ва зарар миқдорини белгилаш имкониятини бермаса, талаб қилишга ҳақли.

9.3

Суғурталовчи, зарур ҳолларда, содир бўлган воқеа бўйича ахборотга эга бўлган ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидан ва бошқа муассаса ва ташкилотлардан воқеа билан боғлиқ маълумотларни мустақил равишда сўраб олиши мумкин, шунингдек суғурта воқеаси сабаблари ва тафсилотларини мустақил суриштиришга ҳақли.

9.4

Суғурталовчининг суғурта ҳодисасини тан олиш (суғурта товонини (суғурта пулини) тўлаши) ёки рад этиш (суғурта товонини (суғурта пулини) тўланмаслиги) тўғрисидаги қарори, тегишли шахс (Суғурта қилдирувчи, Наф олувчи) томонидан тақдим этилган ҳужжатлар, шунингдек, мазкур Шартномада кўрсатилган, суғурта ҳодисаси содир бўлганлигини тасдиқловчи қонун ҳужжатларига мувофиқ Суғурталовчи томонидан мустақил равишда олинган ҳужжатлар, шунингдек хабар қилинган зарар миқдори асосида қабул қилинади.

9.5

Суғурта товони суммаси (суғурта товони миқдорининг ҳисоб-китоби) қуйидаги тартибда аниқланади:

“ГБУнинг яроқсизлиги” таваккалчиликлари бўйича — сервис марказининг эксперт хулосасига асосан, лекин суғурта шартномасида (суғурта полисида) белгиланган суғурта пулидан ортиқ бўлмаган миқдорда;

“Суғурталанган шахслар билан бахтсиз ҳодиса” таваккалчилиги бўйича:

а) тан жароҳати олинганда – Суғурталовчи томонидан тасдиқланган Суғурта тўловлари жадвалига мувофиқ. Бунда, “Бахтсиз ҳодиса натижасида тан жароҳати олиниши” таваккалчилиги бўйича суғурта ҳодисаси содир бўлганда суғурта товони миқдори “Суғурта тўловлари жадвали”га мувофиқ суғурта пулидан фоиз сифатида кўрсатилган миқдорини ифодалайди;

б) умумий меҳнатга лаёқатини доимий йўқотганда (ногиронлик белгиланганда)- суғурта пулининг 50% миқдорида;

в) вафот этганда – суғурта пулининг 100% миқдорида.

9.6

Суғурталовчининг суғурта ҳодисасини тан олиш ((суғурта товонини (суғурта пулини) тўлаш)) тўғрисидаги қарори, суғурта товонини (суғурта пулини) олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсга, суғурта ҳодисаси тан олинганидан кейин етти кундан кечиктирмай ёзма равишда хабар қилиниши керак.

9.7

Суғурталовчи суғурта товонини тўлашни рад этиш тўғрисидаги қарори, Суғурта қилдирувчига (Наф олувчига) улар суғурта товонини тўлашни сўраб мурожаат этганларидан кейин ўн беш кундан кечиктирмай хабар қилиниши ва рад этиш сабабларининг асослантирилган далил-исботларини ўз ичига олган бўлиши лозим. Бунда кўрсатилган муддатдан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, судлар, тиббиёт, сейсмология, ветеринария, гидрометеорология ва бошқа ташкилотлардан суғурта ҳодисасининг сабаблари ва ҳолатларини, шунингдек суғурта товони (суғурта тўлови) миқдорини аниқлаш учун талаб қилинадиган ахборот ва ҳужжатларни белгиланган тартибда сўраш ва олиш учун ўтган вақт мустасно.

9.8

Суғурта товонини рад этиш тўғрисидаги қарор фақат Суғурталовчи сўраган барча ҳужжатларни Суғурта қилдирувчи тўлиқ тақдим этган тақдирда қайта кўриб чиқилади.

Мазкур Қоидаларнинг 9-бўлим биринчи хат бошиси, 9.1.-бандида кўрсатилган ҳужжатлар тўлиқ расмийлаштирилган ҳолда тақдим этилганда, суғурта товони тўғрисидаги қарорни қайта кўриб чиқиш ва қабул қилиш 15 (ўн беш) календарь кунидан ошмайдиган муддатда амалга оширилади.

9.9

Суғурталовчи суғурта товонини суғурта ҳодисасини тан олиши тўғрисидаги қарор қабул қилинган кундан эътиборан 7 (етти) банк куни ичида Наф олувчининг банк ҳисоб рақамига пул маблағларини ўтказиш йўли билан амалга оширади.

9.10

Агар воқеаси содир бўлганлиги факти муносабати билан жиноят иши, фуқаролик иш юритуви ёки маъмурий жазо қўллаш тўғрисида иш қўзғатилган бўлса, Суғурталовчи тўланиши лозим бўлган маблағ масаласи бўйича қарор қабул қилишни ваколатли органлар томонидан тегишли қарор қабул қилиш пайтига қадар кечиктириш ҳуқуқига эга.

9.11

Агар зарар суммаси, зарар етказган шахс томонидан тўлиқ қоплаб берилса ва/ёки қопланаётган бўлса, Суғурта қилдирувчи суғурта товонини олиш бўйича ўз ҳуқуқини йўқотади.

9.12

Суғурта ҳодисаси содир бўлганлигини, шунингдек етказилган зарарларни исботлаш Суғурта қилдирувчининг зиммасига юкланади.

10. Суброгация (регресс)

10.1

Суғурта қилдирувчининг зарарни қоплаш бўйича етказилган зарарга нисбатан жавобгар шахсга бўлган талаб қилиш ҳуқуқи, тўланган суғурта товони миқдори доирасида Суғурталовчига ўтади.

10.2

Суғурта қилдирувчи Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 957-моддаси талабларига мувофиқ, Суғурталовчи ўзига ўтган талаб қилиш ҳуқуқини амалга ошириши учун зарур бўлган барча ҳужжатлар ва далилларни Суғурталовчига бериши ҳамда барча маълумотларни унга маълум қилиши шарт.

10.3

Агар Суғурта қилдирувчи Суғурталовчи томонидан қопланган зарарлар учун айбдор шахсдан талаб қилиш ҳуқуқидан воз кечса ёки ушбу ҳуқуқни амалга ошириш уларнинг ёки Ҳайдовчининг айби билан имконсиз бўлса, Суғурталовчи суғурта товонини тўлиқ ёки тегишли қисмини тўлашдан озод қилинади ва тўланган суғурта товони миқдорини қайтаришни талаб қилишга ҳақли.

10.4

Суғурта қилдирувчи Суғурталовчига олинган компенсациялар тўғрисида, шу жумладан агар бундай компенсациялар, Суғурталовчи суғурта товонини тўлаганидан кейин ва/ёки суғурта даври якунлангандан кейин олинадиган бўлса ҳам, хабар қилиши шарт. Суғурта қилдирувчи/Наф олувчи Суғурталовчига бундай суммалар тўғрисида ўзига маълум бўлган пайтдан эътиборан 15 (ўн беш) кун ичида хабар қилиши ва Суғурталовчига 15 (ўн беш) кун ичида унга тегишли бўлган суммани тўлаб бериши шарт.

11. Томонлар жавобгарлиги

11.1

Зиммаларига олинган ўз мажбуриятларни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун томонлар Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига мувофиқ жавобгар бўладилар.

11.2

Томонлар, агар улар бу ҳолнинг Томонлар олдиндан кўриши ёки оқилона чоралар билан олдини олиши мумкин бўлмаган фавқулодда хусусиятдаги воқеалар натижасида суғурта шартномаси (суғурта полиси) тузилганидан кейин юз берган, енгиб бўлмас кучдаги ҳолатлар (форс-мажор) юзага келиши оқибатида юз берганлигини исботлай олса ва Томонлар ўз мажбуриятларини тегишлича бажариш юзасидан уларга боғлиқ бўлган ва мумкин бўлган барча чораларни кўрган бўлса, суғурта шартномаси (суғурта полиси) бўйича ўз мажбуриятларини бажармаслиги ёки тегишлича бажармаслиги учун жавобгар бўлмайди. Томонлар бир-бирини форс-мажор ҳолатлар юзага келганлиги ҳақида уларнинг юзага келиши пайтидан бошлаб 3 (уч иш) куни ичида хабардор этиши шарт.

11.3

Томонлар, Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 23 ноябрдаги ЎРҚ-730-сонли “Суғурта фаолияти тўғрисида” Қонунининг 14 моддаси ва Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 933-моддасига мувофиқ, мазкур Қоидаларга бўйича муносабатлар муносабати билан уларга ошкор бўлиб қолган ахборотни махфийлигини таъминлаш ва уни ошкор этилишига йўл қўймаслик бўйича жавобгарлик олиб борадилар.

11.4

Суғурта қилдирувчи ҳамма фойдаланиши мумкин бўлган ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда тақдим этган маълумотлар бўйича Суғурталовчи жавобгарлик олиб бормайди.

11.5

Суғурта қилдирувчи суғурта мукофотини тўлаётиб, Суғурталовчига, Суғурталовчи томонидан суғурта шартномаси (суғурта полиси) шартларини бажарилиши учун, шунингдек қонунга зид бўлмаган бошқа мақсадлар йўлида Суғурта қилдирувчининг ҳар қандай шахсий маълумотларидан ишлов беришга ва фойдаланишга розилигини билдиради. Ҳар қандай ахборотларга ишлов бериш ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ёки уларсиз амалга оширилади, шу жумладан суғурта шартномаси (суғурта полисини) тузиш ва бажариш муносабати билан Суғурталовчига тақдим этилган шахсий маълумотларни йиғиш, тизимлаштириш, сақлаш, ўзгартириш, тўлдириш, улардан фойдаланиш, уларни бериш, тарқатиш, узатиш, эгасизлантириш ва йўқ қилиш, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигида назарда тутилган бошқа ҳаракатларни амалга ошириш.

12. Бошқа шартлар

12.1

Суғурта шартномасини (суғурта полисини) бажарилишида юз бериши мумкин бўлган низолар ва келишмовчиликлар, имкон қадар Томонлар ўртасидаги музокаралар йўли билан ҳал этилади. Низоларни музокаралар йўли билан ҳал этиш мумкин бўлмаганда, Томонлар қонунчиликда кўзда тутилган судгача низоларни тартибга солиш таомилини амалга оширгандан кейин, уларни Ўзбекистон Республикасининг қонунчилиги билан белгиланган тартибда Суғурталовчини давлат рўйхатидан ўтган жойдаги судга берилади.

12.2

Суғурта шартнома (суғурта полиси) бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлар томонларнинг ёзма розилигисиз учинчи шахсларга ўтказилишига йўл қўйилмайди.

12.3

Мазкур Қоидаларда кўрсатиб ўтилмаган барча масалалар Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

12.4

Томонлар суғурта шартномасини бажаралиши доирасида ахборот алмашинувини электрон шаклда амалга оширишга ҳақли, жумладан суғурта қилдирувчи томонидан суғурталовчига мазкур Қоидаларда назарда тутилган суғурта шартномасини тузиш, ўзгартириш, муддатидан олдин тугатиш учун, суғурта қоидаларида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда суғурта товонини (суғурта тўловини) олиш учун электрон шаклдаги ахборотни (суғурта шартномасини тузиш, ўзгартириш, муддатидан олдин тугатиш тўғрисидаги аризани, суғурта ҳодисаси юз берганлиги ҳақидаги билдиришномани, суғурта товонини (суғурта тўловини) тўлаш тўғрисидаги аризани ва (ёки) бошқа ҳужжатларни) яратиш ҳамда жўнатиш суғурталовчининг Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайтидан, шунингдек мобил иловалардан, электрон почтадан ва ахборот алмашишнинг бошқа усулларидан фойдаланилган ҳолда амалга оширилади. Суғурталовчининг расмий веб-сайтидан ушбу ахборот тизимининг оператори бўлган суғурта қилдирувчи ва суғурталовчи ўртасида электрон шаклдаги ахборот алмашинувини таъминлайдиган ахборот тизими сифатида фойдаланилиши мумкин.