Skip to Main Content
Правила страхования

Правила страхования по программе «Миникаско»

Полный текст: что застраховано, исключения, действия при страховом случае и выплата.

58
пунктов
12
разделов
UZ
и Русский

Правила страхования по программе «Миникаско»

Преамбула

Кейинги ўринларда “Суғурталовчи” деб номланувчи “APEX INSURANCE” акциядорлик жамияти, Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги ва “МИНИКАСКО” дастури бўйича транспорт воситаларини суғурта қилиш Қоидаларига (бундан буён матнда – мазкур Қоидалар) мувофиқ Суғурталовчи транспорт воситасига эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф қилиш билан боғлиқ мулкий манфаатларни суғуртасини амалга оширади.

Суғурта қилдирувчининг мазкур Қоидаларнинг шартларига мувофиқ суғурта шартномасини (суғурта полисини) тузишга розилиги, Суғурта қилдирувчини суғурта мукофоти тўлаши ва суғурта полисини олиши билан тасдиқланади. Мазкур Қоидалар суғурта полисининг ажралмас қисми ҳисобланади.

Агар суғурта шартномасида (суғурта полисида) мазкур Қоидалар қўлланилиши тўғридан-тўғри кўрсатилган бўлса ва/ёки суғурта шартномасида (суғурта полисида) Суғурталовчининг Интернет тармоғидаги расмий сайтига жойлаштирилган Қоидалар матнига ҳавола/гиперҳавола кўрсатилган бўлса, суғурта шартномаси, мазкур Қоидаларда бўлган шартларда тузилган ҳисобланади.

1. Атамалар ва таърифлар

Мазкур Қоидаларда ишлатиладиган термин ва атамалар қуйидаги тушунчаларга эга:

Транспорт воситаси (бундан буён матнда – ТВ) – Ўзбекистон Республикаси ЙҲҲББ томонидан рўйхатга олинган ёки рўйхатга олиниши лозим бўлган маҳаллий ёки чет элда ишлаб чиқарилган енгил автомобиллар, юк/йўловчиларни тижорат асосида ташиш билан шуғулланадиган ТВлар бундан мустасно. Мазкур Қоидаларда назарда тутилган суғурта, тижорат асосида ташиш учун фойдаланиладиган ТВ га нисбатан татбиқ этилмайди.

Суғурта қилдирувчи – Суғурталовчи билан мазкур Қоидалар шартларида суғурта шартномасини (суғурта полисини) тузган муомала лаёқатига эга бўлган жисмоний шахс.

Наф олувчи – фойдасига суғурта полисини расмийлаштирилган, суғурталанган ТВнинг асралишида қонунчиликка ёки шартномага асосланган манфаатга эга бўлган, суғурта полисида назарда тутилган жисмоний шахс.

Ҳайдовчи – суғурталанган ТВни амалдаги тегишли тоифадаги ТВни бошқариш ҳуқуқи бўйича белгиланган намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасига ва бошқа Йўл ҳаракати қоидаларида белгиланган ҳужжатларга эга бўлган, суғурталанган ТВни бошқаришга қўйилган жисмоний шахс.

Суғурталанган ТВ – суғурта полисида, шу жумладан унининг иловаларида, шу жумладан ТВни кўздан кечириш далолатномасида (ш. ж. фото ва/ёки видеоёзувлар) кўрсатилган (идентификация қилинган) ТВ.

Cуғурта таваккалчилиги — тахмин қилинаётган воқеа бўлиб, ушбу воқеа юз берган тақдирда суғурта амалга оширилади. Суғурта таваккалчилиги сифатида кўрилаётган воқеа, уни юзага келиши эҳтимоли ва тасодифийлик белгиларига эга бўлиши шарт.

Ташқи механик таъсир – ТВга қуйидагилар оқибатидаги тасодифий ташқи таъсири:

• қаттиқ жисмларнинг қулаши, урилиши ёки бошқа таъсири (шу жумладан қор, ях, устун, дарахтлар, йўл белгилари, реклама конструкциялари ва ш.к.) ёхуд қаттиқ жисмлар билан ТВнинг бошқача ўзаро ҳаракатга киришиши;

• бошқа ТВларнинг (шу жумладан суғурталанган ТВнинг) ғилдираклари остидан шағал, тош ва бошқа қаттиқ фракцияларнинг отилиши;

• кўприк ёки тоннелларни, уларнинг қисмларини (конструктив элементларини) вайрон бўлиши, қулаши, шунингдек тупроқ, йўл қопламаси ёки сунъий иншоотнинг ўпирилиши, чўкиши ёки бошқа турдаги силжиши (ҳаракатланиши);

• ҳайвонларни ҳатти-ҳаракати – ҳайвонларнинг ҳатти-ҳаракати натижасида ТВни ташқи шикастланиши, ТВ салони элементлари ва ТВнинг фақат ичида бўлган бошқа элементларнинг шикастланиши бундан мустасно.

Мазкур Қоидалар доирасида ташқи механик таъсирнинг ушбу рўйхати ёпиқ саналади ва кенгайтирилган тарзда талқин этилиши мумкин эмас.

Тўсиққа урилиш – туташган ҳудудда (бевосита йўлга туташган ва транспорт воситалари ўтиб кетиши учун мўлжалланмаган ҳудуд (ҳовлилар, маҳаллалар, турар жой даҳалари, транспорт воситаси тўхтаб туриш жойлари, ёнилғи қуйиш шохобчалари, корхона ва шунга ўхшашлар) суғурталанган ТВни ҳаракатсиз жисмни (кўприк таянчи, бордюр, симёғоч устунлари, дарахт, тўсинлар ва ҳоказо) босиб кетиши ёки урилиши оқибатида содир бўлган воқеа.

Суғурта ҳодисаси – ҳақиқатдан содир бўлган воқеа натижасида Суғурталовчининг Наф олувчига суғурта товонини тўлаб бериш мажбурияти вужудга келиши.

Суғурта даври – Суғурталовчининг суғурта полиси бўйича суғурта товонини (суғурта пулини) тўлаш мажбуриятини олиб бориш вақт оралиғи.

Суғурта пули - суғурта ҳодисаси содир бўлганда, Суғурталовчининг чегараланган жавобгарлик доирасини ифодаловчи пул маблағлари миқдори.

Суғурта товони – суғурта ҳодисаси содир бўлганда, етказилган зарарни қоплаш учун, Наф олувчига суғурта пули доирасида тўлаб бериладиган пул маблағлари. Мазкур Қоидалар шартларига кўра, ЙТҲда ҳатто Ҳайдовчи, Суғурта қилдирувчи ёки Наф олувчи айбдор бўлса ҳам, суғурта товони тўлаб берилади.

Суғурта ҳудуди – суғурта ҳимояси амал қиладиган ҳудуд. Мазкур Қоидалар шартларига кўра, Ўзбекистон Республикаси суғурта ҳудуди ҳисобланади.

Суғурта дастури – мазкур Қоидалар асосида Суғурталовчи томонидан шаклланган, суғурта пули ва суғурта мукофоти миқдорларини ўз ичига олувчи суғурта шартлари.

ТВни кўздан кечириш далолатномаси – суғуртага қабул қилинаётган ТВни кўздан кечириш натижаларига кўра Суғурталовчи (унинг вакили) томонидан белгиланган шаклда икки нусхада тузиладиган ҳужжат. ТВни кўздан кечириш, ТВни ташқи кўрикдан ўтказиш, шунингдек фотофиксация қилишни ўз ичига олади. ТВни фотофиксация қилиш, ТВни барча деталларини, шу жумладан давлат рақами ва VIN-рақам фотосуратларини олиш жараёнини ўз ичига олади. Ушбу фотосуратлар кўздан кечириш далолатномасига илова қилинади ҳамда рақамли форматда тақдим этилади, улардан суғурта ҳодисаси юзага келганда, ҳужжатларни мувофиқлиги ва ТВни ҳақиқий ҳолатини текширишда фойдаланилади. Кўздан кечириш далолатномаси ҳар бир томон учун бир нусхада Суғурта қилдирувчи ва ТВни кўздан кечирган Суғурталовчининг вакили томонидан имзоланади ва суғурта полисининг ажралмас қисми ҳисобланади. Кўздан кечириш вақтида олинган фотосуратлар Суғурталовчининг маълумотлар базасида сақлаб қўйилади ва юридик кучга эга бўлади. Мазкур Қоидаларда белгиланган тартибда ТВни кўздан кечирилиши ва фотофиксацияси амалга оширилмасдан шаклланган (расмийлаштирилган/берилган) суғурта полиси, ҳатто Суғурта қилдирувчи суғурта мукофотини тўлаган бўлса ҳам, ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

Суғурта полиси расмийлаштирилаётганда, суғуртага қабул қилинаётган ТВ янги бўлса ва суғуртани амал қилишини бошланиш муддатига ТВ расмий дилерда бўлса, у ҳолда ТВни кўздан кечирилмайди ва ТВни кўздан кечириш далолатномаси тузилмайди.

Юқорида назарда тутилган барча термин ва атамалар мазкур Қоидаларда улар учун белгиланган маъноларга эга. Мазкур Қоидалардаги атамалар ва таърифлар маънога эга бўлмаган тақдирда, уларнинг маънолари Ўзбекистон Республикасининг меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлари билан эътироф этилади.

2. Суғурта объекти ва суғурта ҳодисаси

2.1

Суғурталанган ТВни нобуд бўлиши ёки шикастланиши таваккалчилиги билан боғлиқ бўлган Суғурта қилдирувчининг мулкий манфаатлари суғурта объекти ҳисобланади.

2.2

Қуйидаги суғурта хавфларининг юз беришини тўғридан-тўғри оқибати бўлган, суғурталанган ТВни нобуд бўлиши ёки шикастланиши, суғурта ҳодисаси деб ҳисобланади:

а) ташқи механик таъсир;

б) тўсиққа урилиш.

3. Истиснолар

3.1

Қуйидагилар (қуйидаги ҳолатлар) суғурта ҳодисаси деб ҳисобланмайди ва уларнинг оқибатида юзага келган зарар (зиён) қоплаб берилмайди:

а) суғурталанган ТВ тасарруфида бўлган Суғурта қилдирувчи, Ҳайдовчи ёки Наф олувчининг суғурта ҳодисаси содир бўлишига қаратилган қасддан қилган ҳаракатлари ва/ёки ҳаракатсизлиги, уларнинг ўз фуқаролик бурчларини адо этиши ёки Суғурта қилдирувчи, Ҳайдовчи, Наф олувчи ёки учинчи шахсларнинг фуқаролик бурчини бажариш ёки ҳаёти, соғлиғи, обрўси ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш билан боғлиқ бўлган ҳаракатлари бундан мустасно;

б) Суғурталовчига суғурта объекти, зарарнинг сабаблари ва миқдори тўғрисида Суғурта қилдирувчи, Наф олувчи, Ҳайдовчи томонидан била туриб ёлғон маълумотлар берилиши, шунингдек воқеа тафсилотларини тасдиқлашга ёхуд зарар миқдорига доир сохталаштирилган ҳужжатлар тақдим этилиши;

в) бошқариш ҳуқуқига ва бошқа Йўл ҳаракати қоидаларида белгиланган ҳужжатларга эга бўлмаган шахс томонидан суғурталанган ТВнинг бошқарилиши;

г) cодир бўлган суғурта воқеаси тўғрисида мазкур Қоидаларда белгиланган муддат ва усулда Суғурталовчини ўз вақтида ва узрли сабабсиз хабардор этилмаслиги;

д) Суғурталовчига таъмирлангунга қадар шикастланган ТВни кўздан кечириш учун тақдим этилмаслиги, Суғурталовчини ўзи кўз кечиришни рад этиши бундан мустасно;

е) ҳар қандай ТВни ҳаракатланишини чеклаш ва/ёки тўлиқ тўхташи учун учинчи шахслар томонидан махсус ўрнатилган тўсиқлар/тўсинларга урилиши;

ж) суғурталанган ТВнинг кабинасида, салонида ёки юкхонасида бўлган ҳайвонларнинг зарар етказиши;

з) суғурталанган ТВни завод браки ёки ТВни тиклаш таъмирида бракка йўл қўйилиши оқибатида, шунингдек мустақил экспертнинг хулосаси билан тасдиқланган кафолат ҳодисаси оқибатида суғурталанган ТВни қисмлари, деталлари, боғламалари ёки агрегатларини шикастланиши ёки нобуд бўлиши.

3.2

Қуйидагилар қоплаб берилмайди:

а) суғурта полиси амал қилиши бошланган пайтгача Суғурта қилдирувчи, Ҳайдовчи ёки Наф олувчи билган ёки билмаганлигидан қатъий назар, суғурталанган ТВдаги мавжуд носозликлар ва нуқсонлар;

б) кузов ва/ёки кузов деталларнинг геометрик шакли, параметрлари, функционал хусусиятларини ўзгаришига олиб келмаган ва таъмирли бўяшни ва лак бўёқ материаллари ошган харажатларини талаб қилмайдиган, кузов ва/ёки кузов деталларининг лак бўёқ қопламасининг шикастланиши (кичик қирилишлар, дарз кетишлар, доғлар);

в) ТВнинг ойна элементларида ва/ёки ташқи ёритиш ускуналарининг герметиклигини бузилишига ва ёриқлар ҳосил бўлишига, шунингдек улардан фойдаланиш параметрларини бузилишига олиб келмайдиган ТВнинг ушбу элементларидаги кичик қирилишлари, дарз кетишлар;

г) суғурталанган ТВга ўрнатилган, завод комплектациясига кирмайдиган қўшимча ускунанинг нобуд бўлиши ёки шикастланиши.

3.3

Махсус истиснолар. Суғурта товони миқдорини аниқлашда, суғурта ҳодисаси натижасида суғурталанган ТВга етказилган зарар миқдоридан қуйидагилар чиқариб ташланади:

а) суғурталанган ТВ, шу жумладан унинг алоҳида деталлари ва боғламаларининг табиий эскириши;

б) ТВнинг товар кўринишини йўқолиши (товар қийматини йўқотиш) ва ишлаб чиқарувчи завод браки (нуқсони);

в) суғурталанган ТВни такомиллаштириш билан боғлиқ Суғурта қилдирувчи, Ҳайдовчи ёки Наф олувчининг харажатлари.

3.4

Суғурталовчи Суғурта қилдирувчи, Ҳайдовчи ёки Наф олувчининг суғурта ҳодисаси билан боғлиқ бўлган билвосита ва бошқа харажатлари бўйича (ҳар қандай турдаги жарималар, суғурталанган ТВга етказилган зарарни баҳолаш харажатлари, ТВ тураргоҳ харажатлари ва бошқалар), шунингдек, ҳар қандай тўғридан-тўғри ва билвосита солиқлар ҳамда бошқа харажатларга нисбатан жавобгарлик олиб бормайди.

3.5

Суғурталовчи мазкур Қоидаларда назарда тутилмаган ва қайд этилмаган ҳар қандай воқеаларга, шунингдек суғурта ҳудуди ёки суғурта полисининг амал қилиш муддатидан ташқарида содир бўлган воқеаларга нисбатан жавобгарлик олиб бормайди. Суғурталовчи, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган ҳолларда суғурта товонини тўлаш мажбуриятидан озод қилинади.

3.6

Агар Суғурта қилдирувчи (Наф олувчи/Ҳайдовчи) мазкур Қоидаларнинг шартларини бузганлиги Суғурталовчи томонидан аниқланса, ёки Суғурта қилдирувчи (Наф олувчи/Ҳайдовчи) зарар учун жавобгар шахсга нисбатан ўзининг талаб қилиш ҳуқуқидан бош тортса, ёки Суғурта қилдирувчининг (Наф олувчининг/Ҳайдовчининг) айби билан бундай ҳуқуқни амалга ошириш мумкин бўлмаса, Суғурталовчи суғурта товонини тўламайди (Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 957 моддаси).

4. Суғурта пули ва суғурта мукофоти

4.1

Суғурта пули ва суғурта мукофоти миқдори битта ТВга Суғурталовчи томонидан белгинади ва суғурта полисида кўрсатилади. Бунда суғурта даври тугагунга қадар суғурталанган ТВга нисбатан “МИНИКАСКО” дастури бўйича қўшимча/такрорий суғурталашга йўл қўйилмайди.

4.2

Мазкур Қоидаларга кўра “номутаносиб тўлиқ бўлмаган” суғурта ҳисобланади – суғурта товони Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 936 моддаси “Тўлиқ бўлмаган мулкий суғурта” мутаносиблик тўғрисидаги қоидаларини қўлламаган ҳолда, суғурта пули доирасида тўлаб берилади.

4.3

Суғурта мукофоти, пул маблағларини Суғурталовчини банк ҳисобрақамига ўтказиш ёки Суғурталовчини банк ҳисоб рақамига нақд пул маблағларни кирим қилиш йўли билан ёхуд Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан рухсат этилган бошқа тўлов тизимлари воситасида тўланиши мумкин.

4.4

Пул маблағлари Суғурталовчи ҳисобрақамига келиб тушган кун суғурта мукофоти тўланган сана ҳисобланади.

5. Суғурта полисини расмийлаштириш тартиби

Суғурта полисини амал қилиш муддати. Суғурта полисини бекор қилиш ва тугатиш

5.1

Суғурта полиси мазкур Қоидаларга мувофиқ қуйидаги усуллардан расмийлаштирилиши мумкин:

• Суғурта қилдирувчига унинг ёзма ёки оғзаки аризасига биноан Суғурталовчи томонидан имзоланган суғурта полисини топшириш йўли билан;

• Суғурта қилдирувчига унинг ёзма ёки оғзаки аризасига биноан Суғурталовчи томонидан электрон ҳужжат шаклида тузилган суғурта полисини йўллаш йўли билан.

5.2

Суғурта полиси шартлашилган суғурта мукофоти тўлиқ ҳажмда тўлангандан кейин «Биринчи суғурта ҳодисасига қадар» шартида берилади. Суғурта мукофоти тўланган кундан кейинги куннинг 00:00 соатидан суғурта полисининг амал қилиш муддати бошланади.

5.3

Суғурталовчи суғурта полиси шартларига тўғри келувчи, Суғурта қилдирувчи томонидан фақат биринчи марта хабари берилган суғурта ҳодисаси бўйича суғурта товонини тўлаб беради. Суғурта полисининг амал қилиш муддати, Суғурта қилдирувчи томонидан биринчи марта хабари берилган суғурта ҳодисаси бўйича суғурта товонини тўланган пайтдан тугайди.

5.4

Суғурта полиси унинг амал қилиш муддати тугаганда, шунингдек Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида ва мазкур Қоидаларда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда бекор қилинади.

6. Томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

6.1

Суғурта қилдирувчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

а) суғурта полиси амал қилиш муддатида мазкур Қоидаларнинг шартлари бўйича маслаҳатлар олишга;

б) суғурта ҳодисаси содир бўлганда, суғурталанган таваккалчилик бўйича, суғурта полисида белгиланган суғурта пули чегарасида суғурта товонини олишга;

в) Суғурталовчидан мазкур Қоидаларнинг шартларини бажарилишини талаб этишга.

6.2

Суғурта қилдирувчи мажбур:

а) шартлашилган суғурта мукофотини белгиланган миқдор ва тартибда ўз вақтида тўлаши;

б) Ҳайдовчини мазкур Қоидалар (суғурта полиси) шартлари билан таништириши, шу жумладан, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириши;

в) суғурта полиси расмийлаштирилаётганда маълум қилган ҳолатлар бўйича ҳар қандай муҳим ўзгаришлар тўғрисида Суғурталовчига дарҳол ёзма равишда хабар бериш, Суғурталовчига барча ҳужжат ва далил-исботларни, шунингдек Суғурталовчига ўтказилган суброгация ва регресс тартибида ўтказилган талаб қилиш ҳуқуқини амалга ошириш учун зарур бўлган барча маълумотларни тақдим этиш.

Муҳим деб қуйидаги ўзгаришлар тан олинади: суғурталанган ТВни ижарага (субижара, лизинг) бериш, сотиш ва ҳадя этиш; ТВни бегоналаштириш (сотиш, ҳадя ва бошқалар), ТВни гаровга қўйиш ва (ёки) унга бошқа усулларда ҳуқуқларни юклаш; ЙҲХББда ТВни ҳисобдан чиқариш, қайта рўйхатга олиш; рақамли агрегатларни (кузов, двигатель ва ш.к.) алмаштириш ёки агрегатларнинг ўзини алмаштирмаган ҳолда агрегатлар рақамини алмаштириш ва ш.ў., ТВдан тижорат мақсадларида фойдаланиш, шу жумладан юк ва йўловчиларни ташиш.

6.3

Суғурталовчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

а) суғурта полиси расмийлаштирилгунга қадар ва ундан кейин исталган вақтда суғурталанган ТВнинг ҳолати ва қийматини баҳолаш учун кўрсатишни Суғурта қилдирувчидан талаб қилиш, шунингдек Суғурта қилдирувчи маълум қилган маълумотларни тўғрилигини текшириш;

б) зарурият туғилганда, содир бўлган суғурта воқеаси факти ва сабабларини, шунингдек етказилган зарарнинг рўйхати ва хусусиятларини тасдиқловчи ҳужжатлар ва ахборотларни тақдим этиш юзасидан ваколатли органларга сўров юборишга;

в) шикастланган ТВни кўздан кечиришга ёки кўрикдан ўтказишга, шу жумладан тиклаш бўйича таъмирлаш пайтига қадар ТВни кўздан кечиришга, шунингдек зарар сабаби ва миқдорини суриштириш;

г) суғурталанган ТВнинг шикастланган қисмлари ёки қолдиқларини (қисмларининг қолдиқларини) Суғурта қилдирувчи Суғурталовчига тақдим этишдан бош тортганда, улар қолдиқларсиз нобуд бўлиши мумкин бўлган ҳолатлар бундан мустасно, шунингдек мазкур Қоидаларда ва Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида назарда тутилган ҳолатларда, суғурта товонини тўлашни рад этиш;

д) суғурта таваккалчилиги ортганда, суғурталаш шартларини ўзгартиришни ёки таваккалчилик ортишига мутаносиб равишда қўшимча суғурта мукофоти тўлашни талаб қилишга.

6.4

Суғурталовчи мажбур:

а) Суғурта қилдирувчига мазкур Қоидаларнинг шартларини тушунтиришга;

б) суғурта полиси билан бирга мазкур Қоидаларни Суғурта қилдирувчига топшириш;

в) суғурта ҳодисаси содир бўлганда, мазкур Қоидаларда белгиланган тартибда суғурта товонини тўлаб беришга.

6.5

Суғурталовчи ва Суғурта қилдирувчи қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлишлари ва ўз зиммаларига бошқа мажбуриятларни ҳам олиши мумкин.

7. Суғурта ҳодисаси белгиларига эга бўлган воқеа содир бўлганда

Томонларнинг ҳатти-ҳаракатлари

7.1

Суғурта ҳодисаси белгиларига эга бўлган воқеа содир бўлганда, Суғурта қилдирувчи (Наф олувчи, Ҳайдовчи) қуйидагиларга мажбур:

7.1.1

воқеани ҳужжатлар билан тасдиқланиши таъминлаш мақсадида дарҳол ваколатли органларга мурожаат этишга, шу жумладан:

• воқеа содир бўлган ҳудудда ободонлаштиришни ташкил этиш ва/ёки тартибни сақлашга жавобгар бўлган ташкилотларга (ш.ж. бошқарувчи компаниялар, коммунал-таъмирлаш авария хизматлари ва ҳ.);

• содир бўлган тафсилотни фиксация қилишни амалга ошириш ва суриштирувни ўтказиш ваколатига эга бўлган ички ишлар органларига;

7.1.2

дарҳол зарар ортишига олиб келувчи сабабларни бартараф этиш бўйича зарур бўлган чораларни кўриши, шу жумладан ТВни қаровсиз қолдирмасликка, агар у ўз йўли билан ҳаракатланиш имкониятини йўқотган бўлса;

7.1.3

дарҳол реал вақт режимида шикастланган ТВни фото - ва видео орқали суратга олишни амалга оширишга ва суғурта воқеаси тўғрисидаги қисқа хабар билан шикастланган ТВ фото - ва видео материалларини Суғурталовчининг Telegram ботига юборишга;

7.1.4

шикастланган ТВни, Суғурталовчи (унинг вакили) кўздан кечиргунга қадар, шикастланишга олиб келган воқеа содир бўлгандан кейин у бевосита қандай ҳолатда бўлса, шундайлигача асраб қўйиш.

Шикастланишнинг даражаси ва хусусиятини ўзгартириш фақат ваколатли органларнинг талабларига мувофиқ, хавфсизлик ва/ёки одамларни қутқариш, зарарни камайтириш нуқтаи назаридан йўл қўйилади ёки агар бунга Суғурталовчини розилиги олинган бўлса: бундай ҳолатда, Суғурта қилдирувчи бирламчи фото- ёки видео суратга олиш амалга оширилгандан кейин, барча ўзгартиришларни фиксация қилиши ва ушбу материалларни Суғурталовчининг Telegram ботига юбориши шарт;

7.1.5

Суғурталовчига 5 (беш) иш куни ичида суғурта ҳодисаси белгиларига эга бўлган воқеа содир бўлганлиги тўғрисидаги ёзма хабарномани йўллашга, шунингдек суғурта ҳодисаси белгиларига эга бўлган воқеа сабаблари, факти ва тафсилотларини, етказилган зарар миқдорини тасдиқловчи барча зарур ҳужжат ва далилларни, шу жумладан мазкур Қоидаларнинг 8 бўлимида белгиланган ҳужжатларни кейинчалик тақдим этишга;

7.1.6

Суғурталовчига ёки мустақил эксперт ташкилотига (мустақил экспертга) шикастланган ТВни тўсқинликсиз кўздан кечиришини таъминлаш;

7.1.7

суғурталанган ТВга учинчи шахсларнинг айби билан зарар етказилган тақдирда, Суғурта қилдирувчи (Наф олувчи, Ҳайдовчи) зарар етказилишида айбдор бўлган шахсни аниқлаши ва айбдор томонга талаб қилиш ҳуқуқини таъминлаш бўйича чораларни кўриши шарт.

7.2

Агар мазкур Қоидаларнинг 7.1.1.-7.1.7. кичик бандларида белгиланган мажбуриятлар Суғурта қилдирувчи (Наф олувчи, Ҳайдовчи) томонидан бажарилмаслиги натижасида содир бўлган суғурта ҳодисаси фактини, унинг содир бўлиш тафсилотларини, етказилган зарар миқдорини (суғурта тўлови миқдори) аниқлаш имкони бўлмаса, Суғурталовчининг суғурта товонини тўлаш бўйича мажбурияти юзага келмайди.

8. Суғурта ҳодисаси белгиларига эга бўлган воқеа содир бўлганда

Суғурталовчига тақдим этиладиган ҳужжатлар.

Суғурта даъволарини кўриб чиқиш тартиби

8.1

Суғурта воқеаси содир бўлганлиги тўғрисида ёзма ариза тақдим этилгандан кейин Суғурта қилдирувчи/Наф олувчи 5 (беш) иш куни ичида қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиши лозим:

а) суғурта полиси;

б) суғурта ҳодисаси белгиларига эга бўлган воқеа содир бўлган пайтда ТВни бошқарган Ҳайдовчининг ҳайдовчилик гувоҳномаси ва ТВдан фойдаланиш (эксплуатация қилиш) ҳуқуқини тасдиқловчи Суғурта қилдирувчи номидан берилган ҳужжатлар;

в) лицензияга эга баҳолаш ташкилотининг суғурталанган ТВга етказилган зарарни баҳолаш юзасидан тузган ҳисоботининг асли ёки тасдиқланган нусхаси;

г) таъмирлаш-тиклаш ишлари амалга оширилиши бошланишига қадар шикастланган ТВ ёки унинг барча қисмларини фото ва ва видеоси;

д) қонунчиликда белгиланган тартибда расмийлаштирилган ҳужжатлар, шу жумладан – ваколатли органлар ҳужжатлари, суд қарорлари (қонунчиликда белгиланган ҳолатларда), ва суғурта ҳодисаси белгиларига эга содир бўлган воқеанинг жойи, вақти ва тафсилотларини, суғурталанган ТВнинг шикастланиш рўйхатини, воқеа иштирокчилари ва уларнинг айблилик даражасини, суғурта товони миқдорини аниқлаш учун Суғурталовчига зарур бўлган маълумотлар.

Бундай ҳужжатларга қуйидагилар киради: воқеанинг келиб чиқиш сабаби, санаси, воқеа жойи, таъмирланиши (тикланиши) лозим бўлган зарар миқдори, айбдори (агар бундай айбдор суриштирув жараёнида аниқланган бўлса) тўғрисидаги ахборотни ўз ичига олган, ИИБ ёки воқеа содир бўлган ҳудудда ободонлаштириш ва/ёки тартибни сақлаш бўйича жавобгар бўлган ташкилотлар (ш.ж. бошқарувчи компаниялар, коммунал-таъмирлаш авария хизматлари ва ҳ.) томонидан тузилган далолатнома (маълумотнома).

8.2

Суғурталовчи, мазкур Бўлимда кўрсатиб ўтилган ҳужжатлардан фарқланадиган, Суғурта қилдирувчи (Наф олувчи) ўз ташаббусига кўра Суғурталовчига тақдим қилган бошқа ҳужжатлар (кўздан кечириш / диагностика далолатномаси ва таъмирлаш учун буюртма-наряд, реал вақт режимида шикастланган ТВни фото - ва видео суратлари ва ҳоказо) асосида қарор қабул қилишга ҳақли, агар бундай ҳужжатлар асосида алоҳида муайян ҳолатларда суғурта ҳодисаси белгиларига эга бўлган воқеа тафсилотларини ва/ёки унинг содир бўлганда зарарлар миқдорини ва/ёки Суғурта қилдирувчини (Наф олувчи) суғурта товонини олиш бўйича ҳуқуқини аниқ белгилаш имконини берса.

8.3

Суғурталовчи, зарур ҳолларда, содир бўлган воқеа бўйича ахборотга эга бўлган ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидан ва бошқа муассаса ва ташкилотлардан воқеа билан боғлиқ маълумотларни мустақил равишда сўраб олиши мумкин, шунингдек суғурта воқеаси сабаблари ва тафсилотларини мустақил суриштиришга ҳақли.

8.4

Мазкур воқеага тегишли барча зарур ҳужжатлар олингандан ва барча тафсилотлар ўрганилгандан кейин, Суғурталовчи томонидан содир бўлган воқеани суғурта ҳодисаси деб тан олиш ёки тан олинмаслиги бўйича қарор қабул қилинади.

8.5

Суғурта қилдирувчи тақдим этган зарурий ҳужжатларга асосан Суғурталовчи суғурта ҳодисаси содир бўлганлиги фактини тан олса, Суғурталовчи 5 (беш) иш куни ичида барча олинган маълумотлар қайд этиладиган ва тўланилиши лозим бўлган суғурта товони миқдори белгиланадиган суғурта ҳодисаси тўғрисида далолатномани тузади. Суғурта ҳодисаси тўғрисидаги далолатномани Суғурталовчи ва Суғурта қилдирувчи/Наф олувчи имзолайди.

8.6

Суғурта товонини тўлашни рад этиш тўғрисидаги Суғурталовчининг қарори, Суғурта қилдирувчи/Наф олувчига уларнинг суғурта товонини тўлаш бўйича қилган ёзма мурожаатидан кейин 15 (ўн беш) кун ичида маълум қилиниши ва рад этишнинг асослантирилган сабаблари кўрсатилиши лозим.

8.7

Агар воқеаси содир бўлганлиги факти муносабати билан жиноят иши, фуқаролик иш юритуви ёки маъмурий жазо қўллаш тўғрисида иш қўзғатилган бўлса, Суғурталовчи тўланиши лозим бўлган тўлов масаласи бўйича қарор қабул қилишни ваколатли органлар томонидан тегишли қарор қабул қилиш пайтига қадар кечиктириш ҳуқуқига эга.

8.8

Суғурта ҳодисаси содир бўлганлигини, шунингдек етказилган зарарларни исботлаш Суғурта қилдирувчи ва Наф олувчи зиммаларига юкланади.

9. Суғурта товонини тўлаш тартиби

9.1

Суғурта товони қуйидаги шаклда тўланади:

9.1.1

 ТВ нобуд бўлганда – етказилган зарар (лицензияга эга баҳоловчи ташкилотнинг зарар баҳолаш ҳисоботига мувофиқ) миқдорида, бироқ суғурта полисида белгиланган суғурта пулидан кўп бўлмаган миқдорда, қуйидагиларни чиқариб ташлаган ҳолда:

а) келгусида фойдаланиш ёки реализация қилиш учун яроқли суғурталанган ТВ конструкциясининг шикастланмаган деталлари, боғламалари ва элементларининг қолдиқ қиймати (лицензияга эга баҳоловчи ташкилот томонидан аниқланади);

б) етказилган зарарнинг баҳолаш харажатлари ва/ёки суғурталанган ТВнинг қолдиқ қийматини аниқлаш харажатлари.

9.1.2

 ТВ шикастланганда – етказилган зарар (лицензияга эга баҳоловчи ташкилотнинг зарар баҳолаш ҳисоботига мувофиқ) миқдорида, бироқ суғурта полисида белгиланган суғурта пулидан кўп бўлмаган миқдорда, қуйидагиларни чиқариб ташлаган ҳолда:

а) ТВнинг алмаштириладиган деталлари, қисми ва ўзининг эскириш қиймати;

б) ТВнинг товар кўриниши йўқотилиши (ТВ товар қиймати йўқолиши) суммаси;

в) суғурталанган ТВга етказилган зарарнинг баҳолаш харажатлари.

Заруриятдан келиб чиқиб, Суғурталовчи, Суғурта қилдирувчи/Наф олувчидан фойдаланишга ёки реализация қилиш учун яроқли бўлган суғурталанган ТВ конструкциясининг шикастланмаган деталлари, боғламалари ва элементларининг қолдиқ қийматини аниқлаш бўйича ҳисоботини талаб қилишга ҳақлидир.

Суғурталовчи, мазкур Қоидаларнинг ушбу банди шартларига амал қилган ҳолда, суғурта ҳодисаси содир бўлиши натижасида суғурталанган ТВга етказилган, ҳужжат билан тасдиқланган ва таъмирлаш-тиклаш ишлари жараёнида аниқланган яширин шикастланишларни бартараф қилиш билан боғлиқ харажатларни ҳам қоплайди.

9.2

Суғурталовчи суғурта товонини қуйидагича тўлашга ҳақли:

9.2.1

ТВни таъмирлаш-тиклаш йўли билан. Таъмирлаш-тиклаш ишлари, Суғурталовчи билан шартномавий муносабатларда бўлган автомобилга техник хизмат кўрсатиш станциясида ва Суғурталовчининг йўлланмасига кўра амалга оширилади;

9.2.2

суғурта ҳодисаси тўғрисидаги далолатнома тузилган кундан эътиборан 5 (беш) банк куни ичида Суғурта қилдирувчи/Наф олувчининг банк ҳисобрақамига пул маблағларини ўтказиш йўли билан.

9.3

Агар зарар суммаси зарар етказган шахс томонидан тўлиқ қоплаб берилса ва/ёки қопланаётган бўлса, Суғурта қилдирувчи/Наф олувчи суғурта товонини олиш бўйича ўз ҳуқуқини йўқотади.

10. Суброгация (регресс)

10.1

Суғурта қилдирувчи/Наф олувчининг зарарни қоплаш бўйича етказилган зарарга нисбатан жавобгар шахсга бўлган талаб қилиш ҳуқуқи, тўланган суғурта товони миқдори доирасида Суғурталовчига ўтади.

10.2

Суғурта қилдирувчи/Наф олувчи, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 957-моддаси талабларига мувофиқ, Суғурталовчи ўзига ўтган талаб қилиш ҳуқуқини амалга ошириши учун зарур бўлган барча ҳужжатлар ва далилларни Суғурталовчига бериши ҳамда барча маълумотларни унга маълум қилиши шарт.

10.3

Агар Суғурта қилдирувчи/Наф олувчи Суғурталовчи томонидан қопланган зарарлар учун айбдор шахсдан талаб қилиш ҳуқуқидан воз кечса ёки ушбу ҳуқуқни амалга ошириш уларнинг ёки Ҳайдовчининг айби билан имконсиз бўлса, Суғурталовчи суғурта товонини тўлиқ ёки тегишли қисмида тўлашдан озод қилинади ва тўланган суғурта товони миқдорини қайтаришни талаб қилишга ҳақли.

10.4

Суғурта қилдирувчи/Наф олувчи Суғурталовчига олинган компенсациялар тўғрисида, шу жумладан, агар бундай компенсациялар, Суғурталовчи суғурта товонини тўлаганидан кейин ва/ёки суғурта даври якунлангандан кейин олинадиган бўлса ҳам, хабар қилиши шарт. Суғурта қилдирувчи/Наф олувчи Суғурталовчига бундай суммалар тўғрисида ўзига маълум бўлган пайтдан эътиборан 15 (ўн беш) календар кун ичида хабар қилиши ва Суғурталовчига 15 (ўн беш) календар кун ичида унга тегишли бўлган суммани тўлаб бериши шарт.

11. Томонлар жавобгарлиги

11.1

Зиммаларига олинган ўз мажбуриятларни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун Томонлар Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига мувофиқ жавобгар бўладилар.

11.2

Томонлар, агар улар бу ҳолнинг Томонлар олдиндан кўриши ёки оқилона чоралар билан олдини олиши мумкин бўлмаган фавқулодда хусусиятдаги воқеалар натижасида суғурта полиси тузилганидан кейин юз берган, енгиб бўлмас кучдаги ҳолатлар (форс-мажор) юзага келиши оқибатида юз берганлигини исботлай олса ва Томонлар ўз мажбуриятларини тегишлича бажариш юзасидан уларга боғлиқ бўлган ва мумкин бўлган барча чораларни кўрган бўлса, суғурта шартномаси (суғурта полиси) бўйича ўз мажбуриятларини бажармаслиги ёки тегишлича бажармаслиги учун жавобгар бўлмайди. Томонлар бир-бирини форс-мажор ҳолатлар юзага келганлиги ҳақида уларнинг юзага келиши пайтидан бошлаб 3 (уч) иш куни ичида хабардор этиши шарт.

Форс-мажор ҳолатлар юзага келган тақдирда, суғурта полиси бўйича Томонларнинг мажбуриятларни бажариш муддати мутаносиб равишда ушбу ҳодисалар рўй берган муддатга сурилади.

11.3

Томонлар, Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 23 ноябрдаги ЎРҚ-730-сонли “Суғурта фаолияти тўғрисида” Қонунининг 14 моддаси ва Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 933-моддасига мувофиқ, мазкур Қоидаларга бўйича муносабатлар муносабати билан уларга ошкор бўлиб қолган ахборотни махфийлигини таъминлаш ва уни ошкор этилишига йўл қўймаслик бўйича жавобгарлик олиб борадилар.

11.4

Суғурта қилдирувчи ҳамма фойдаланиши мумкин бўлган ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда тақдим этган маълумотлар бўйича Суғурталовчи жавобгарлик олиб бормайди.

11.5

Суғурта қилдирувчи суғурта мукофотини тўлаётиб, Суғурталовчига, Суғурталовчи томонидан суғурта полиси шартларини бажарилиши учун, шунингдек қонунга зид бўлмаган бошқа мақсадлар йўлида Суғурта қилдирувчининг ҳар қандай шахсий маълумотларидан ишлов беришга ва фойдаланишга розилигини билдиради. Ҳар қандай ахборотларга ишлов бериш ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ёки уларсиз амалга оширилади, шу жумладан суғурта полисини тузиш ва бажариш муносабати билан Суғурталовчига тақдим этилган шахсий маълумотларни йиғиш, тизимлаштириш, сақлаш, ўзгартириш, тўлдириш, улардан фойдаланиш, уларни бериш, тарқатиш, узатиш, эгасизлантириш ва йўқ қилиш, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигида назарда тутилган бошқа ҳаракатларни амалга ошириш.

12. Бошқа шартлар

12.1

Суғурта полисини бажарилишида юз бериши мумкин бўлган низолар ва келишмовчиликлар, имкон қадар Томонлар ўртасидаги музокаралар йўли билан ҳал этилади. Низоларни музокаралар йўли билан ҳал этиш мумкин бўлмаганда, Томонлар қонунчиликда кўзда тутилган судгача низоларни тартибга солиш таомилини амалга оширгандан кейин, уларни Ўзбекистон Республикасининг қонунчилиги билан белгиланган тартибда Суғурталовчини давлат рўйхатидан ўтган жойдаги судга берилади.

12.2

Суғурта полиси бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлар томонларнинг ёзма розилигисиз учинчи шахсларга ўтказилишига йўл қўйилмайди.

12.3

Мазкур Қоидаларда кўрсатиб ўтилмаган барча масалалар Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

12.4

Томонлар суғурта шартномасини бажаралиши доирасида ахборот алмашинувини электрон шаклда амалга оширишга ҳақли, жумладан Суғурта қилдирувчи томонидан Суғурталовчига суғурта шартномасини (суғурта полисини) тузиш, ўзгартириш, муддатидан олдин тугатиш учун, суғурта товонини (суғурта пулини) олиш учун электрон шаклдаги ахборотни (суғурта шартномасини тузиш, ўзгартириш, муддатидан олдин тугатиш тўғрисидаги аризани, суғурта ҳодисаси юз берганлиги ҳақидаги билдиришномани, суғурта товонини тўлаш тўғрисидаги аризани ва (ёки) бошқа ҳужжатларни) яратиш ҳамда жўнатиш Суғурталовчининг Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайтидан, шунингдек мобиль иловалардан, хусусан Суғурталовчининг Telegram ботидан, электрон почтадан ва ахборот алмашишнинг бошқа усулларидан фойдаланилган ҳолда амалга оширилади. Суғурталовчининг расмий веб-сайтидан ушбу ахборот тизимининг оператори бўлган Суғурталовчи ва Суғурта қилдирувчи ўртасида электрон шаклдаги ахборот алмашувини таъминлайдиган ахборот тизими сифатида фойдаланилиши мумкин.