Skip to Main Content
Правила страхования

Правила страхования от несчастных случаев

Полный текст: что застраховано, исключения, действия при страховом случае и выплата.

35
пунктов
11
разделов
UZ
и Русский

Правила страхования от несчастных случаев

Преамбула

Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги ва мазкур суғурта қилиш Қоидаларига мувофиқ Суғурталовчи “APEX INSURANCE” АЖ, муомала лаёқатига эга бўлган жисмоний шахсларни бахтсиз ҳодисалардан эҳтиёт шарт суғурта қилишни амалга оширади.

Суғурта қилдирувчининг мазкур Қоидаларнинг шартларига мувофиқ суғурта шартномасини (суғурта полисини) тузишга розилиги, Суғурта қилдирувчини суғурта мукофоти тўлаши ва суғурта полисини унинг иловаси бўлган мазкур Қоидаларни олиши билан тасдиқланади. Мазкур Қоидалар суғурта полисининг ажралмас қисми ҳисобланади.

Агар суғурта шартномасида (суғурта полисида) мазкур Қоидалар қўлланилиши тўғридан-тўғри кўрсатилган бўлса ва/ёки суғурта шартномасида (суғурта полисида) Суғурталовчининг Интернет тармоғидаги расмий сайтига жойлаштирилган Қоидалар матнига ҳавола/гиперҳавола кўрсатилган бўлса, суғурта шартномаси, мазкур Қоидаларда бўлган шартларда тузилган ҳисобланади.

Суғурталовчи мазкур Қоидаларга мувофиқ мазкур Қоидаларда бириктирилган алоҳида шартлар ва (ёки) уларни комбинацияси асосида алоҳида суғурта дастурларини шакллантиришга, бундай суғурта дастурларига маркетинг номларини қўйишга ҳақли.

1. Атамалар ва таърифлар

Мазкур Қоидаларда ишлатиладиган термин ва атамалар қуйидаги тушунчаларга эга:

Суғурта қилдирувчи – Суғурталовчи билан суғурта полисини расмийлаштирган, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик қонунчилигида назарда тутилган, хар қандай ташкилий-ҳуқуқий шаклидаги юридик шахслар ва муомала лаёқатига эга бўлган жисмоний шахслар.

Наф олувчи – Суғурталанган шахс ёки суғурта товонини олиш ҳуқуқига эга бўлган бошқа шахслар.

Суғурталанган шахс – мазкур Қоидаларга мувофиқ расмийлаштирилган суғурта полиси бўйича суғурта тадбиқ этиладиган суғурта полисида кўрсатилган жисмоний шахс.

Бахтсиз ҳодиса – хусусияти, вақти ва аниқ жойини аниқлашнинг имкони бўлган турли хил ташқи омилларнинг (физик, кимёвий, техник ва бошқалар) бирданига, тўсатдан таъсири. Мазкур Қоидалар мақсадига кўра бахтсиз ҳодиса деганда аслида ташқаридан содир бўлган, тўсатдан, кутилмаганда, суғурталанган шахснинг иродасига боғлиқ бўлмаган ҳолда қуйида санаб ўтилган ҳодисалардан бирининг содир бўлиши натижасида тан жароҳати олинишига (шикастланиш), I ёки II гуруҳ ногиронлиги белгиланишига ёки ўлимга олиб келган воқеа тушунилади:

учинчи шахсларнинг ғайриҳуқуқий ҳатти-ҳаракатлари;

портлаш, ёнғин, электр токидан шикастланиш, яшин уриши;

табиат ходисалари (зилзила, сув тошқини, бўрон, дўл, в.ҳ.), шунингдек чўкиш;

миянинг чайқалиши ёки лат ейиши, лат ейиш, жароҳатлар, синиш (патологик синиш бундан мустасно), бўғимнинг чиқиб кетиши, жароҳат оқибатида тишларни йўқотилиши, мушакларни, тўқималар, пайларни ёрилиши ва бошқа ички аъзолар ва юмшоқ тўқималарнинг шикастланиши;

бўғилиш, тасодифан нафас олиш йўлига бегона жисмни тушиши;

дори препаратлари билан заҳарланиш;

ҳайвонларнинг тишлаши, шу жумладан илон чақиши;

баландликдан ҳар қандай жисмни қулаши;

Суғурталанган шахснинг баландликдан қулаши;

машиналар, механизмлар, қуроллар ва хавфли манбалар таъсирида олинган, шу жумладан транспорт воситаларининг (автомобиллар, поездлар, трамвайлар ва бошқалар) ҳаракати, барча турдаги хавфли манбаларнинг қўллашда ёки уларнинг ҳалокатга учраши натижасида олинган жароҳатлар.

Ўткир, сурункали ва ирсий касалликларнинг ҳар қандай шакллари (шу жумладан юрак хуружи, инсульт, тўсатдан аъзоларнинг бошқача шикастланиши ва касалликнинг ривожланиши натижасида юзага келган ирсий патология ёки патология), анафилактик шок бахтсиз ҳодисалар сирасига кирмайди.

Бахтсиз ҳодиса натижасида тан жароҳати олиниши – суғурта полисининг амал қилиш даврида содир бўлган, суғурта тўловлари миқдорлари Жадвалида назарда тутилган бахтсиз ҳодиса оқибатида Суғурталанган шахснинг тўқималарига, аъзоларига ёки бутун танасига етказилган зарар.

Бахтсиз ҳодиса натижасида I ёки II гуруҳ ногиронлиги белгиланиши – суғурта даврида содир бўлган бахтсиз ҳодиса натижасида Суғурталанган шахсга I ёки II гуруҳ ногиронлиги белгиланиши.

Бахтсиз ҳодиса натижасида вафот этиш – суғурта даврида содир бўлган бахтсиз ҳодиса натижасида Суғурталанган шахснинг вафот этиши.

Суғурта пули – расмийлаштирилаётган суғурта полиси ва суғурта дастурида белгиланадиган ва унинг асосида суғурта мукофотининг миқдори ва суғурта ҳодисаси юз берганда суғурта товони миқдори аниқланадиган пул миқдори.

Товон чегараси – суғурта полисида белгиланган суғурта дастури/суғурта таваккалчилиги бўйича суғурта товонининг энг кўп миқдори.

Суғурта дастури – Суғурта полисини расмийлаштиришда белгиланадиган бир ёки бир нечта таваккалчиликлар комбинацияси.

Суғурта даври – Суғурта қилдирувчи учун суғурта ҳимояси тадбиқ этиладиган вақт оралиғи. Суғурта фақат суғурта даврида Суғурта қилдирувчи билан содир бўлган бахтсиз ҳодисалар натижасида юзага келган суғурта ҳодисаларига нисбатан қўлланилади.

Суғурта ҳудуди – Ўзбекистон Республикаси ҳудуди.

Юқорида назарда тутилган барча термин ва атамалар мазкур Қоидаларда улар учун белгиланган маъноларга эга. Мазкур Қоидалардаги атамалар ва таърифлар маънога эга бўлмаган тақдирда, уларнинг маънолари Ўзбекистон Республикасининг меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлари билан эътироф этилади.

2. Суғурта объекти

2.1

Мазкур Қоидалар шартларига мувофиқ берилган суғурта полиси бўйича Суғурталанган шахснинг бахтсиз ҳодиса натижасида Суғурталанган шахснинг ҳаёти ва соғлиғига зарар етказиш билан боғлиқ Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига зид бўлмаган мулкий манфаатлари суғурта объекти ҳисобланади.

3. Суғурта ҳодисаси

Суғурталанган шахснинг бахтсиз ҳодиса натижасида ҳаёти ва соғлиғига зарар етказиш билан боғлиқ бўлган қуйидаги воқеалар суғурта ҳодисаси деб ҳисобланади:

а) бахтсиз ҳодиса натижасида тан жароҳати олиниши;

б) бахтсиз ҳодиса натижасида I ёки II гуруҳ ногиронлиги белгиланиши;

в) бахтсиз ҳодиса натижасида вафот этиш;

Суғурта қилдирувчи томонидан Мазкур Қоидаларда белгиланган шартларига мувофиқ танланган суғурта дастурларида назарда тутилган суғурта таваккалчиликлари рўйхати, суғурта полисида кўрсатилади.

Агар бахтсиз ҳодиса суғурта даврида рўй берган бўлса, мазкур Қоидаларнинг

3.1-бандининг "а", "б" ва "в" кичик бандларида кўрсатилган бахтсиз ҳодиса натижасида юзага келган суғурта таваккалчиликлари, суғурта ҳодисаси деб тан олинади.

4. Истиснолар

4.1

Суғурталанган шахснинг онгли равишда суғурта ҳодисаси содир бўлишига олиб келган қуйидаги ҳаракатлари ва ҳаракатсизликлари натижасида юзага келган зарар (зиён) қоплаб берилмайди ва суғурта ҳодисаси деб ҳисобланмайди:

Суғурталанган шахсларнинг суғурта ҳодисаси содир бўлишига қаратилган ва унга олб келган қасддан қилган ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги);

Суғурталанган шахснинг транспорт воситасидан, механик ускуналардан, аппаратлардан, асбоблардан ёки бошқа асбоб-ускуналардан фойдаланиши учун тегишли рухсати бўлмаган ёки улардан алкогол, наркологик ёки токсикологик мастлик ҳолатида фойдаланиши натижасида, шунингдек Суғурталанган шахс томонидан мазкур бандда кўрсатилган объектларни бошқариш ҳуқуқини берувчи тегишли руҳсатномага эга бўлмаган ёки алкогол, наркологик ёки токсикологик мастлик ҳолатида бўлган шахсга бериши;

қуролли кучлар, ички ишлар органларида ва бошқа давлат ҳарбийлаштирилган тузилмаларида хизмат қилиш; давлат хизматчиси сифатида ҳарбий маневрларда, машқларда, ҳарбий техника синовларида ёки бошқа шунга ўхшаш операцияларда бевосита иштирок этиш;

Суғурталанган шахс қасддан ўзига ўзи тан-жароҳат етказса ёки Суғурталанган шахс ўз жонига қасд қилса (ўз жонига қасд қилишга ҳаракат қилса);

Суғурталанган шахс ушлаб турилса, ҳибсга олинса ёки қамоқда сақланса ёки у озодликдан маҳрум этилган муддатда жазони ўташ чоғида;

Суғурталанган шахснинг хавфли спорт турлари билан шуғулланиши, шу жумладан: авиа, авто ва мотоспорт турлари, от спорти, ҳаво спорти (парашютдан сакраш, дельтапланда учиш, парапланда учиш ва бошқалар), сув спорт турлари, шу жумладан сув остига шўнғиш ва сув туризми, тоғ чанғи ва сноуборд, қўл жанг санъати, алпинизм, қояга чиқиш, тоғ туризми, ўқ отиш, ҳар қандай қуролдан фойдаланган ҳолда овда қатнашиш;

Суғурталанган шахснинг ҳаво кемасида парвоз қилиши ёки уни бошқариши, агар Суғурталанган шахс профессионал учувчи бўлмаса, самолиёт рейсларида ёки профессионал учувчи бошқарадиган вертолётда йўловчи сифатида учиш ҳоллари бундан мустасно;

эпидемия, пандемия ва табиий офатларнинг (фалокатлар) расман тан олинган ҳолатлари;

4.2

Суғурталовчи суғурта ҳодисаси қуйидагилар оқибатида содир бўлганда, суғурта товони тўлашдан озод қилинади:

ҳарбий бостириб кириш акти, ҳарбий ҳаракатлар, маневрлар ёки бошқа ҳарбий ёки бошқа шунга ўхшаш тадбирлар (уруш эълон қилинган ёки қилинмаганлигидан қатъий назар), фуқаролик уруши;

қўзғолон, оммавий фуқароларнинг тартибсизликлари, миллат миқёсида иш ташлаш;

шахс ёки бир гуруҳ шахслар томонидан амалга оширилган террорчилик ҳаракати;

ядро портлаши, радиация таъсири ёки радиоактив захарланиш;

4.3

Суғурталовчи мазкур Қоидаларда назарда тутилмаган ва/ёки қайд этилмаган ҳар қандай воқеаларга, шунингдек суғурта ҳудуди ёки суғурта полисининг амал қилиш муддатидан ташқарида содир бўлган воқеаларга нисбатан жавобгарлик олиб бормайди. Суғурталовчи, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган ҳолларда суғурта товонини тўлаш мажбуриятидан озод қилинади.

5. Суғурта пули ва суғурта мукофоти

5.1

Суғурта пули, Суғурта полисини бир нечта таваккалчиликлардан расмийлаштиришда мазкур Қоидаларнинг 3.2-бандида кўрсатилган барча таваккалчиликлар учун ягона миқдорда ёки ҳар бир таваккалчилик бўйича алоҳида белгиланиши мумкин. Суғурталовчининг суғурта полиси бўйича жавобгарлиги суғурта пули (товон чегараси) билан чекланади.

5.2

Бир гуруҳ шахсларни суғурталашда суғурта пули ҳар бир Суғурталанган шахс учун алоҳида белгиланади ва суғурта қилиниши лозим бўлган шахслар рўйхатида кўрсатилади.

5.3

Суғурта мукофоти, пул маблағларини Суғурталовчини банк ҳисоб рақамига ўтказиш ёки Суғурталовчини банк ҳисоб рақамига нақд пул маблағларни кирим қилиш йўли билан ёхуд Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан рухсат этилган бошқа тўлов тизимлари воситасида тўланиши мумкин.

5.4

Пул маблағлари Суғурталовчи ҳисоб рақамига келиб тушган кун суғурта мукофоти тўланган сана ҳисобланади.

6. Суғурта полисини расмийлаштириш тартиби

Суғурта полисини амал қилиш муддати.

Суғурта полисини бекор қилиш ва тугатиш

Суғурта полиси мазкур Қоидаларга мувофиқ қуйидаги усулларда расмийлаштирилиши мумкин:

Суғурта қилдирувчига унинг ёзма ёки оғзаки аризасига биноан Суғурталовчи томонидан имзоланган суғурта полисини топшириш йўли билан;

Суғурта қилдирувчига унинг ёзма ёки оғзаки аризасига биноан Суғурталовчи томонидан электрон ҳужжат шаклида тузилган суғурта полисини йўллаш йўли билан.

Суғурта полиси Суғурта қилдирувчининг ёки унинг вакилининг оғзаки ёки ёзма аризасига биноан бир йил муддатга, бир йилдан кам ёки бир йилдан ортиқ муддатга расмийлаштирилади. Суғурта мукофоти тўланган кундан кейинги куннинг 00:00 соатидан суғурта полисининг амал қилиш муддати бошланади.

Суғурта полиси унинг амал қилиш муддати тугаганда, шунингдек Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда бекор қилинади.

7. Томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

7.1

Суғурта қилдирувчи (Суғурталанган шахс) қуйидаги ҳуқуқларга эга:

суғурта полиси амал қилиш муддатида мазкур Қоидаларнинг шартлари бўйича маслаҳатлар олишга;

суғурта ҳодисаси содир бўлганда, суғурталанган таваккалчилик бўйича, суғурта полисида белгиланган суғурта пули чегарасида суғурта товонини олишга;

Суғурталовчидан мазкур Қоидаларнинг шартларини бажарилишини талаб этишга.

7.2

Суғурта қилдирувчи (Суғурталанган шахс) мажбур:

шартлашилган суғурта мукофотини мазкур Қоидаларда белгиланган миқдор ва тартибда тўлаши;

Суғурталанган шахсларни (уларнинг қонуний вакилларини) мазкур Қоидалар, суғурта полиси шартлари билан таништириши;

суғурта полиси расмийлаштирилаётганда маълум қилган ҳолатлар бўйича ҳар қандай муҳим ўзгаришлар тўғрисида Суғурталовчига дарҳол ёзма равишда хабар бериш. Бундай хабар мазкур ҳолатлар юзага келган кундан бошлаб 5 (беш) иш куни ичида юборилиши шарт. Мазкур мажбуриятни лозим даражада бажарилганлиги факти ёзма далиллар билан тасдиқланиши лозим.

Муҳим деб қуйидаги ўзгаришлар тан олинади: Суғурта қилдирувчининг (Суғурталанган шахснинг) жарохатланиш ҳавфи юқори бўлган спорт ва дам олиш машғулотлари бўйича мунтазам шуғилланиш ва иштирок этиш ва бошқалар;

Суғурта қилдирувчининг (Суғурталанган шахснинг) ҳаёти ва соғлиғига зарар етказилган кундан бошлаб 30 кун ичида Суғурталовчини воқеа тўғрисида хабардор қилиш ва мазкур Қоидаларнинг 8.1-бандда кўрсатилган ҳужжатларни тақдим этиш. Суғурта қилдирувчида (Суғурталанган шахсда, Наф олувчида) хабар бериш пайтида 8.1-бандда кўрсатилган барча ҳужжатлар бўлмаган тақдирда ҳам у мазкур Қоидаларга мувофиқ, Суғурта қилдирувчининг ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарар ҳақида Суғурталовчини хабардор қилиши ва Суғурталовчига мавжуд ҳужжатларни тақдим этиши шарт;

бахтсиз ҳодиса юз берганда, жароҳатлангандан кейин 24 соатдан кечиктирмай, соғлиқга етказилган зарарни объектив баҳолаш ва тиббий ёрдам олиш учун травматик шикастланиш мавжудлигини текшириш учун тиббий ташкилотга мурожаат қилиш.

Мазкур талабни узрли сабабсиз бажармаслик Суғурталовчига "Бахтсиз ҳодиса натижасида тан жароҳат олиниши" таваккалчилиги бўйича суғурта товонини тўлашни рад этиш ҳуқуқини беради.

7.3

Суғурталовчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Суғурта қилдирувчи, Суғурталанган шахс ва наф олувчи томонидан тақдим этилган маълумотлар ва ахборотларнинг тўғрилигини хар қандай ўзи учун мавжуд бўлган Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига зид бўлмаган воситалар ёрдамида текшириш;

хабар қилинган воқеа муносабати билан Суғурталанган шахсни қўшимча тиббий кўрикдан ўтишга юбориш;

суғурта товони тўғрисида қарор қабул қилиш учун, агар керак бўлса, ваколатли органларга суғурта ҳодисасининг ҳолатлари ва сабаблари тўғрисида сўровлар юборишга, шунингдек Суғурталанган шахсдан (Наф олувчидан) суғурта ҳодисасининг юзага келиши факти, ҳолати ва сабабини тасдиқловчи қўшимча маълумотлар ва ҳужжатларни тақдим этишни талаб қилишга;

агар воқеаси содир бўлганлиги факти муносабати билан Суғурта қилдирувчи, Суғурталанган шахс ёки Наф олувчига нисбатан жиноят иши қўзғатилган бўлса, суғурта товонини тўлаш масаласини ваколатли органлар томонидан тегишли қарор қабул қилинмагунча кечиктириб туришга.

Суғурталовчига 7.2-банд в) кичик бандида кўрсатилган ҳолатлар тўғрисида хабарнома ёки ўз вақтида хабар берилмаган тақдирда, мазкур Қоидалардан Суғурталовчи суғурта ҳодисаси юз берганда, агар ушбу ҳолатлар зарар етказиши, уларнинг пайдо бўлишига ҳисса қўшиши мумкин бўлса, суғурта товонини тўлашни рад этишга, шунингдек суғурта полисини бекор қилишни талаб қилишга ҳақли;

7.4

Суғурталовчи мажбур:

Суғурта қилдирувчига мазкур Қоидаларнинг шартларини тушунтиришга;

суғурта полиси билан бирга мазкур Қоидаларни Суғурта қилдирувчига топшириш;

суғурта ҳодисаси содир бўлганда, мазкур Қоидаларда белгиланган тартибда суғурта товонини тўлаб беришга.

7.5

Суғурталовчи ва Суғурта қилдирувчи (Суғурталанган шахс) қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлишлари ва ўз зиммаларига бошқа мажбуриятларни ҳам олиши мумкин.

8. Суғурта ҳодисаси белгиларига эга бўлган воқеа содир бўлганда, суғурталовчига тақдим этиладиган ҳужжатлар

Суғурта даъволарини кўриб чиқиш тартиби

8.1

Суғурталанган шахс (Наф олувчи) суғурта товонини олиш учун бахтсиз ҳодиса муносабати билан Суғурталанган шахснинг ҳаёти ва соғлиғига зарар етиши билан боғлиқ қуйидаги ҳужжатларни Суғурталовчига тақдим этиши шарт:

суғурта товонини олувчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжат;

Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигида белгиланган шаклдаги бахтсиз ҳодисани (ҳалокат сабабларини) текшириш тўғрисидаги далолатнома (ҳужжат);

алкогол ва гиёҳванд моддалар бўйича кўрикдан ўтказиш баённомаси; йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисидаги маълумотнома, ҳайдовчилик гувоҳномасининг нусхаси (агар суғурта ҳодисаси Суғурталанган шахснинг транспорт воситасини бошқариши вақтидаги йўл-транспорт ҳодисаси натижасида юзага келган бўлса);

бахтсиз ҳодиса натижасида тан жароҳати олиган ҳолатда:

тўлиқ ташхис ва даволаш кунларини ўз ичига олган тиббий ҳужжат (маълумотнома, касаллик тарихидан кўчирма, амбулатория картаси ва бошқалар);

бахтсиз ҳодиса натижасида I ёки II гуруҳ ногиронлиги белгиланган ҳолатда:

Суғурталанган шахсга ногиронлик белиланиши сабабини (асосий ташҳисини) ўз ичига олган ногиронлик гуруҳини ("ногирон-бола" тоифасини) белгилаш тўғрисидаги ТИЭК хулосаси;

ногиронлик, суғурта полисининг амал қилиш муддати давомида содир бўлган бахтсиз ҳодисани оқибатилигини тасдиқловчи тиббий ҳужжат;

бахтсиз ҳодиса натижасида вафот этган ҳолатда:

Суғурталанган шахснинг ўлими тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси;

жиноят ишини қўзғатиш ёки уни қўзғатишни рад этиш тўғрисидаги қарорнинг нусхаси, агар ўлим факти бўйича тергов харакатлари ўтказилган бўлса;

суғурта ҳодисасининг сабаблари ва ҳолатларини аниқлаш учун зарур бўлган бошқа ҳужжатлар.

8.2

Суғурталовчи юқорида баён этилган ҳужжатлар рўйхатини қисқартиришга, шунингдек Суғурта қилдирувчидан/Наф олувчидан қўшимча ҳужжатларни, агар уларнинг мавжуд эмаслиги муайян тафсилотларнинг ҳисоби билан суғурта ҳодисасини содир бўлганлиги фактини аниқлаш ва зарар миқдорини белгилаш имкониятини бермаса, талаб қилишга ҳақли.

8.3

Суғурталовчи, зарур ҳолларда, содир бўлган воқеа бўйича ахборотга эга бўлган ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидан ва бошқа муассаса ва ташкилотлардан воқеа билан боғлиқ маълумотларни мустақил равишда сўраб олиши мумкин, шунингдек суғурта воқеаси сабаблари ва тафсилотларини мустақил суриштиришга ҳақли.

8.4

Мазкур воқеага тегишли барча зарур ҳужжатлар олингандан ва барча тафсилотлар ўрганилгандан кейин, Суғурталовчи томонидан содир бўлган воқеани суғурта ҳодисаси деб тан олиш ёки тан олинмаслиги бўйича қарор қабул қилинади.

8.5

Суғурталовчи томонидан тақдим этилган барча зарур ҳужжатлар асосида суғурта ҳодисаси юз берганлиги факти тан олинган тақдирда, Суғурталовчи 15 (ўн беш) банк куни мобайнида Суғурта қилдирувчи/Наф олувчи хатида кўрсатилган реквизитлар бўйича пул маблағларини ўтказиш йўли билан суғурта товонини тўлашни амалга оширади ва тўлов амалга оширилганлиги тўғрисида ёзма равишда хабардор қилади.

8.6

Суғурта товонини тўлашни рад этиш ёки тўлаш тўғрисидаги Суғурталовчининг қарори, Суғурталанган шахсга/Наф олувчига уларнинг суғурта товонини тўлаш бўйича қилган ёзма мурожаатидан кейин 15 (ўн беш) кун ичида маълум қилиниши лозим, рад этилганда рад этишнинг асослантирилган сабаблари кўрсатилиши лозим.

8.7

Агар воқеаси содир бўлганлиги факти муносабати билан жиноят иши, фуқаролик иш юритуви ёки маъмурий жазо қўллаш тўғрисида иш қўзғатилган бўлса, Суғурталовчи тўланиши лозим бўлган тўлов масаласи бўйича қарор қабул қилишни ваколатли органлар томонидан тегишли қарор қабул қилиш пайтига қадар кечиктириш ҳуқуқига эга.

8.8

Суғурта ҳодисаси содир бўлганлигини, шунингдек етказилган зарарларни исботлаш Суғурта қилдирувчи (Суғурталанган шахс) зиммасига юкланади.

9. Суғурта товонини тўлаш тартиби

9.1

Ҳар бир суғурта таваккалчилиги учун суғурта товони миқдори ҳар бир Суғурталанган шахсга нисбатан энг юқори суғурта пулининг (суғурта пулига нисбатан фоиз кўринишида белгиланган товон чегарасининг) улуши сифатида қуйидаги тартибда белгиланади:

бахтсиз ҳодиса натижасида тан жароҳати олинганда – Суғурталовчи томонидан тасдиқланган Суғурта товонлари жадвалига мувофиқ. Бунда, "Бахтсиз ҳодиса натижасида тан жароҳати олиниши" таваккалчилиги бўйича суғурта ҳодисаси содир бўлганда суғурта товони миқдори "Суғурта товонлари жадвали"га мувофиқ товон чегарасининг фоизи сифатида кўрсатилган миқдорини ифодалайди;

бахтсиз ҳодиса натижасида I ёки II гуруҳ ногиронлиги белгиланганда – товон чегарасининг 50% миқдорида;

бахтсиз ҳодиса натижасида вафот этганда – товон чегарасининг 100% миқдорида;

9.2

Суғурта даврида айни бир Суғурталанган шахс билан содир бўлган бир ёки бир нечта суғурта ҳодисалари бўйича Суғурталовчи томонидан тўланган суғурта товонларининг умумий миқдори, унинг суғурта пулидан ошмаслиги лозим.

9.3

Суғурталанган шахс суд томонидан вафот этган деб эълон қилинса, суғурта товони, суд қарорида Суғуртланган шахс ўлим хавф солиб турган ёки муайян бахтсиз ҳодисадан ҳалок бўлган деб тахмин қилиш учун асос бўладиган вазиятларда бедарак йўқолган бўлиши ва унинг йўқолган ёки тахмин қилинган ҳалокат куни, суғурта полисининг амал қилиш кунига тўғри келиши шарти билан тўлаб берилади. Суғурталанган шахс суд томонидан бедарак йўқолган деб топилганда, суғурта тўлови амалга оширилмайди.

9.4

Суғурта товони тўғрисидаги қарор қабул қилиш, агар бахтсиз ҳодиса содир бўлишига сабаб бўлган фактлар бўйича жиноий иш қўзғатилган ёки суд процесси бошланган бўлса, тергов ёки суд жараёни тугагунига қадар ёхуд Суғурталанган шахснинг ёки Наф олувчининг айбсизлиги аниқлангунга қадар тўҳтатиб турилиши мумкин.

9.5

Мазкур Қоидаларнинг 3-бўлимида кўрсатилган суғурта ҳодисаси юз берганда зарарни қоплаш учун Суғурталовчи томонидан амалга оширилган ҳар бир тўлов, агар Суғурта қилдирувчи суғурта пулини тиклаш учун қўшимча суғурта мукофотини тўламаган бўлса, суғурта пули бундай тўлов суммаси миқдорига камайтирилади.

10. Томонлар жавобгарлиги

10.1

Зиммаларига олинган ўз мажбуриятларни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун Томонлар Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига мувофиқ жавобгар бўладилар.

10.2

Томонлар, агар улар бу ҳолнинг Томонлар олдиндан кўриши ёки оқилона чоралар билан олдини олиши мумкин бўлмаган фавқулодда хусусиятдаги воқеалар натижасида суғурта полиси тузилганидан кейин юз берган, енгиб бўлмас кучдаги ҳолатлар (форс-мажор) юзага келиши оқибатида юз берганлигини исботлай олса ва Томонлар ўз мажбуриятларини тегишлича бажариш юзасидан уларга боғлиқ бўлган ва мумкин бўлган барча чораларни кўрган бўлса, суғурта шартномаси (суғурта полиси) бўйича ўз мажбуриятларини бажармаслиги ёки тегишлича бажармаслиги учун жавобгар бўлмайди. Томонлар бир-бирини форс-мажор ҳолатлар юзага келганлиги ҳақида уларнинг юзага келиши пайтидан бошлаб 3 (уч) иш куни ичида хабардор этиши шарт.

10.3

Томонлар, Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 23 ноябрдаги ЎРҚ-730-сонли “Суғурта фаолияти тўғрисида” Қонунининг 14 моддаси ва Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 933-моддасига мувофиқ, мазкур Қоидаларга бўйича муносабатлар муносабати билан уларга ошкор бўлиб қолган ахборотни махфийлигини таъминлаш ва уни ошкор этилишига йўл қўймаслик бўйича жавобгарлик олиб борадилар.

10.4

Суғурта қилдирувчи ҳамма фойдаланиши мумкин бўлган ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда тақдим этган маълумотлар бўйича Суғурталовчи жавобгарлик олиб бормайди.

10.5

Суғурта қилдирувчи, мазкур Қоидаларнинг шартларига кўра суғурта полисини қабул қилар экан, Ўзбекистон Республикаси 02.07.2019 йилдаги “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги ЎРҚ-547-сонли Қонунига мувофиқ, суғурта полисининг амал қилиш даврида, “APEX INSURANCE” АЖ томонидан Суғурта қилдирувчи, Суғурталанган шахс ва Наф олувчига доир маълумотларга ишлов беришига розилигини билдиради.

11. Бошқа шартлар

11.1

Суғурта полисини бажарилишида юз бериши мумкин бўлган низолар ва келишмовчиликлар, имкон қадар Томонлар ўртасидаги музокаралар йўли билан ҳал этилади. Низоларни музокаралар йўли билан ҳал этиш мумкин бўлмаганда, Томонлар қонунчиликда кўзда тутилган судгача низоларни тартибга солиш таомилини амалга оширгандан кейин, уларни Ўзбекистон Республикасининг қонунчилиги билан белгиланган тартибда Суғурталовчини давлат рўйхатидан ўтган жойдаги судга берилади.

11.2

Суғурта полиси бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлар томонларнинг ёзма розилигисиз учинчи шахсларга ўтказилишига йўл қўйилмайди.

11.3

Мазкур Қоидаларда кўрсатиб ўтилмаган барча масалалар Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

11.4

Томонлар суғурта шартномасини бажаралиши доирасида ахборот алмашинувини электрон шаклда амалга оширишга ҳақли, жумладан Суғурта қилдирувчи томонидан Суғурталовчига суғурта шартномасини (суғурта полисини) тузиш, ўзгартириш, муддатидан олдин тугатиш учун, суғурта товонини (суғурта пулини) олиш учун электрон шаклдаги ахборотни (суғурта шартномасини тузиш, ўзгартириш, муддатидан олдин тугатиш тўғрисидаги аризани, суғурта ҳодисаси юз берганлиги ҳақидаги билдиришномани, суғурта товонини тўлаш тўғрисидаги аризани ва (ёки) бошқа ҳужжатларни) яратиш ҳамда жўнатиш Суғурталовчининг Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайтидан, шунингдек мобиль иловалардан, хусусан Суғурталовчининг Telegram ботидан, электрон почтадан ва ахборот алмашишнинг бошқа усулларидан фойдаланилган ҳолда амалга оширилади. Суғурталовчининг расмий веб-сайтидан ушбу ахборот тизимининг оператори бўлган Суғурталовчи ва Суғурта қилдирувчи ўртасида электрон шаклдаги ахборот алмашувини таъминлайдиган ахборот тизими сифатида фойдаланилиши мумкин.