1. Атамалар ва таърифлар
Мазкур Қоидаларда ишлатиладиган термин ва атамалар қуйидаги тушунчаларга эга:
Суғурта қилдирувчи – Суғурталовчи билан суғурта полисини расмийлаштирган, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик қонунчилигида назарда тутилган, хар қандай ташкилий-ҳуқуқий шаклидаги юридик шахслар ва муомала лаёқатига эга бўлган жисмоний шахслар.
Наф олувчи – Суғурталанган шахс ёки суғурта товонини олиш ҳуқуқига эга бўлган бошқа шахслар.
Суғурталанган шахс – мазкур Қоидаларга мувофиқ расмийлаштирилган суғурта полиси бўйича суғурта тадбиқ этиладиган суғурта полисида кўрсатилган жисмоний шахс.
Бахтсиз ҳодиса – хусусияти, вақти ва аниқ жойини аниқлашнинг имкони бўлган турли хил ташқи омилларнинг (физик, кимёвий, техник ва бошқалар) бирданига, тўсатдан таъсири. Мазкур Қоидалар мақсадига кўра бахтсиз ҳодиса деганда аслида ташқаридан содир бўлган, тўсатдан, кутилмаганда, суғурталанган шахснинг иродасига боғлиқ бўлмаган ҳолда қуйида санаб ўтилган ҳодисалардан бирининг содир бўлиши натижасида тан жароҳати олинишига (шикастланиш), I ёки II гуруҳ ногиронлиги белгиланишига ёки ўлимга олиб келган воқеа тушунилади:
учинчи шахсларнинг ғайриҳуқуқий ҳатти-ҳаракатлари;
портлаш, ёнғин, электр токидан шикастланиш, яшин уриши;
табиат ходисалари (зилзила, сув тошқини, бўрон, дўл, в.ҳ.), шунингдек чўкиш;
миянинг чайқалиши ёки лат ейиши, лат ейиш, жароҳатлар, синиш (патологик синиш бундан мустасно), бўғимнинг чиқиб кетиши, жароҳат оқибатида тишларни йўқотилиши, мушакларни, тўқималар, пайларни ёрилиши ва бошқа ички аъзолар ва юмшоқ тўқималарнинг шикастланиши;
бўғилиш, тасодифан нафас олиш йўлига бегона жисмни тушиши;
заҳарли ўсимликлар, кимёвий моддалар, сифатсиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан захарланиш;
дори препаратлари билан заҳарланиш;
ҳайвонларнинг тишлаши, шу жумладан илон чақиши;
баландликдан ҳар қандай жисмни қулаши;
Суғурталанган шахснинг баландликдан қулаши;
машиналар, механизмлар, қуроллар ва хавфли манбалар таъсирида олинган, шу жумладан транспорт воситаларининг (автомобиллар, поездлар, трамвайлар ва бошқалар) ҳаракати, барча турдаги хавфли манбаларнинг қўллашда ёки уларнинг ҳалокатга учраши натижасида олинган жароҳатлар.
Ўткир, сурункали ва ирсий касалликларнинг ҳар қандай шакллари (шу жумладан юрак хуружи, инсульт, тўсатдан аъзоларнинг бошқача шикастланиши ва касалликнинг ривожланиши натижасида юзага келган ирсий патология ёки патология), анафилактик шок бахтсиз ҳодисалар сирасига кирмайди.
Бахтсиз ҳодиса натижасида тан жароҳати олиниши – суғурта полисининг амал қилиш даврида содир бўлган, суғурта тўловлари миқдорлари Жадвалида назарда тутилган бахтсиз ҳодиса оқибатида Суғурталанган шахснинг тўқималарига, аъзоларига ёки бутун танасига етказилган зарар.
Бахтсиз ҳодиса натижасида I ёки II гуруҳ ногиронлиги белгиланиши – суғурта даврида содир бўлган бахтсиз ҳодиса натижасида Суғурталанган шахсга I ёки II гуруҳ ногиронлиги белгиланиши.
Бахтсиз ҳодиса натижасида вафот этиш – суғурта даврида содир бўлган бахтсиз ҳодиса натижасида Суғурталанган шахснинг вафот этиши.
Биринчи марта ташҳисланган юқумли касаллик – Суғурталанган шахснинг соғлиғининг объектив белгилари асосида малакали шифокор томонидан биринчи марта аниқланган ва суғурта даврида юзага келган, суғурта муддати давомида унинг танасига тушган касаллик келтириб чиқарувчи микроблар, бактериялар, вируслар, микроорганизмлар билан ўзаро таъсири натижасида юзага келган соғлиғининг бузилиш. Мазкур Қоидалар қуйидаги юқумли касалликлардан суғурталашни назарда тутади:
вирусли шомил энцефалити (энсефаломиелит);
ботулизм;
бруцеллёз;
вабо;
ич терлама;
вирусли гепатит, “А” туридан ташқари;
менингококк инфекцияси;
полиомиелит касаллиги;
ОИВ касаллигини юқиши.
Суғурта пули – расмийлаштирилаётган суғурта полиси ва суғурта дастурида белгиланадиган ва унинг асосида суғурта мукофотининг миқдори ва суғурта ҳодисаси юз берганда суғурта товони миқдори аниқланадиган пул миқдори.
Товон чегараси – суғурта полисида белгиланган суғурта дастури/суғурта таваккалчилиги бўйича суғурта товонининг энг кўп миқдори.
Суғурта дастури – Суғурта полисини расмийлаштиришда белгиланадиган бир ёки бир нечта таваккалчиликлар комбинацияси.
Суғурта даври – Суғурта қилдирувчи учун суғурта ҳимояси тадбиқ этиладиган вақт оралиғи. Суғурта фақат суғурта даврида Суғурта қилдирувчи билан содир бўлган бахтсиз ҳодисалар ва суғурта даврида аниқланган касалликлар натижасида юзага келган суғурта ҳодисаларига нисбатан қўлланилади.
Суғурта ҳудуди – Ўзбекистон Республикаси ҳудуди.
Юқорида назарда тутилган барча термин ва атамалар мазкур Қоидаларда улар учун белгиланган маъноларга эга. Мазкур Қоидалардаги атамалар ва таърифлар маънога эга бўлмаган тақдирда, уларнинг маънолари Ўзбекистон Республикасининг меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлари билан эътироф этилади.