Skip to Main Content
Правила страхования

Правила страхования расходов на восстановление личных документов

Полный текст: что застраховано, исключения, действия при страховом случае и выплата.

42
пункта
10
разделов
UZ
и Русский

Правила страхования расходов на восстановление личных документов

Преамбула

Мазкур суғурта қилиш Қоидалари Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, Суғурталовчи “APEX INSURANCE” акциядорлик жамияти (бундан буён матнда – Суғурталовчи деб юритилади) Шахсий хужжатларни йўқотиб қўйилиши оқибатида кутилмаган харажатларининг юзага келиши таваккалчилигидан суғурта қилиш шартномасини тузиш бўйича суғурталаш шартларини ўз ичига олади.

Суғурта қилдирувчининг мазкур Қоидаларнинг шартларига мувофиқ суғурта шартномасини (суғурта полисини) тузишга розилиги, Суғурта қилдирувчини суғурта мукофоти тўлаши ва суғурта полисини олиши билан тасдиқланади. Мазкур Қоидалар суғурта полисининг ажралмас қисми ҳисобланади.

Агар суғурта шартномасида (суғурта полисида) мазкур Қоидалар қўлланилиши тўғридан-тўғри кўрсатилган бўлса ва/ёки суғурта шартномасида (суғурта полисида) Суғурталовчининг Интернет тармоғидаги расмий сайтига жойлаштирилган Қоидалар матнига ҳавола/гиперҳавола кўрсатилган бўлса, суғурта шартномаси, мазкур Қоидаларда бўлган шартларда тузилган ҳисобланади.

Суғурталовчи мазкур Қоидаларга мувофиқ мазкур Қоидаларда бириктирилган алоҳида шартлар ва (ёки) уларни комбинацияси асосида алоҳида суғурта дастурларини шакллантиришга, бундай суғурта дастурларига маркетинг номларини қўйишга ҳақли.

1. Термин ва атамалар

Мазкур Қоидаларда ишлатиладиган термин ва атамалар қуйидаги тушунчаларга эга:

Суғурта қилдирувчи - Суғурталовчи билан Шахсий хужжатларни йўқотиб қўйилиши оқибатида кутилмаган харажатларининг юзага келиши таваккалчилигидан суғурта қилиш шартномасини (Суғурта полисини) тузган, Юридик ёки муомала лаёқатига эга бўлган жисмоний шахс.

Суғурталанган шахс - Шахсий хужжатларни йўқотиб қўйилиши оқибатида кутилмаган харажатларининг юзага келиши таваккалчилигидан суғурта қилиш шартномасида (Суғурта полисида) кўрсатилган, мулкий манфаатларни суғурталанган Жисмоний шахс. Агар суғурта шартномаси (суғурта полиси) Суғурта қилдирувчи томонидан шахсан ўзига нисбатан тузилган бўлса, Суғурталанган шахснинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари унга нисбатан қўлланилади. Мазкур Қоидаларга мувофиқ Суғурталанган шахс фақат Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлган - Жисмоний шахс бўлиши мумкин.

Шахсий ҳужжат - Суғурталанган шахснинг шахсини, унинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари, расмий ёки ижтимоий мавқеини тасдиқловчи ва бошқа биографик характерга эга маълумотларни ўз ичига олган, расмий ҳужжат. Мазкур Қоидаларга мувофиқ суғурталанган шахснинг шахсий ҳужжатларига қуйидагилар киради: идентификация ID-картаси, биометрик паспорт, хорижга чиқиш биометрик паспорти, ФҲДЁ томонидан берилган гувоҳнома, миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси, рўйхатдан ўтказиш ҳужжати (тех паспорт).

Идентификация ID-карта (бундан буён матнда – “ID-карта” деб юритилади) - Ўзбекистон Республикаси ҳудудида эгасининг шахсини ва Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини тасдиқлайдиган, ID-карта эгасининг шахсий биографик ва биометрик маълумотлари киритилган электрон ташувчи қурилма (чип)га эга бўлган ҳужжат.

Биометрик паспорт (бундан буён матнда – “Паспорт” деб юритилади) - Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини ва эгасининг шахсини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тасдиқловчи, паспорт эгасининг шахсий биографик маълумотлари ва биометрик параметрлари киритилган электрон ташувчи қурилма (чип)га эга бўлган ҳужжат.

Хорижга чиқиш биометрик паспорти (бундан буён матнда – “Хорижга чиқиш биометрик паспорти” деб юритилади) - хорижга чиқиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириш, шунингдек, хорижда туриш вақтида эгасининг шахсини ва Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини тасдиқлайдиган, паспорт эгасининг шахсий биографик маълумотлари ва биометрик параметрлари сақланган электрон ахборот ташувчига (чип)га эга бўлган ҳужжат.

ФҲДЁ томонидан берилган гувоҳнома - Қуйидаги фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзувларини ўз ичига олган хужжатлар (гербли гувохнома): туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома, никоҳ қайд этилганлиги ҳақида гувоҳнома, никоҳдан ажралганлик ҳақида гувоҳнома, ўлим тўғрисидаги гувоҳнома.

Миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси (бундан буён матнда – “Ҳайдовчилик гувоҳномаси” деб юритилади) - белгиланган тоифадаги автотранспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини тасдиқловчи ва унинг эгасининг шахсини тасдиқловчи расмий давлат ҳужжати.

Рўйхатдан ўтказиш ҳужжати (бундан кейин матнда – “Техпаспорт” деб юритилади) - транспорт воситасини йўл ҳаракатида иштирок этишига ҳуқуқ берилганлигини тасдиқловчи автомототранспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш ҳақида гувоҳнома, шунингдек автомототранспорт воситасининг рўйхатдан ўтказиш картаси.

Суғурта пули – суғурта полисида белгиланадиган, ҳар бир суғурта ҳодисаси учун алоҳида ва/ёки барча суғурта ҳодисалари учун биргаликда (бирлаштирилган) белгиланган, унинг асосида суғурта мукофоти ва суғурта товонининг миқдори белгиланадиган пул маблағи.

Суғурта полиси – Суғурталовчининг мазкур Қоидалар шартларига мувофиқ суғурта товонини (суғурта пулини) тўлаш бўйича мажбуриятлари кучга кирганлигини тасдиқловчи ҳужжат.

Суғурта ҳудуди – Бутун дунё.

Юқорида назарда тутилган барча термин ва атамалар мазкур Қоидаларда улар учун белгиланган маъноларга эга. Мазкур Қоидалардаги термин ва атамалар маънога эга бўлмаган тақдирда, уларнинг маънолари Ўзбекистон Республикасининг меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлари билан эътироф этилади.

2. Суғурта объекти ва суғурта ҳодисаси

2.1

Мазкур Қоидалар шартларига мувофиқ расмийлаштирилган суғурта полиси бўйича Суғурта қилдирувчининг Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига зид бўлмаган, мазкур Қоидаларнинг 2.2. бандида кўрсатилаган ходисалар оқибатида, Суғурта қилдирувчининг (суғурталанган шахснинг) шахсий хужжатларининг йўқотилиши натижасида кутилмаган харажатларининг юзага келиши таваккалчилиги билан боғлиқ мулкий манфаатлари, суғурта объекти ҳисобланади.

2.2

Шахсий ҳужжатларни йўқотиб қўйиш, ўғрилик, талончилик, босқинчилик, механик, иссиқлик, электромагнит ёки бошқа таъсир натижасида шахсий хужжатларни йўқотилиши оқибатида, Суғурта қилдирувчи (Суғурталанган шахс)да кутилмаган ҳаражатларнинг юзага келиш факти суғурта ҳодисаси ҳисобланади.

2.3

Мазкур Қоидаларга мувофиқ, Суғурта қилдирувчининг (Суғурталанган шахснинг) қуйидаги кутилмаган харажатлари бўйича суғурта товони тўлаб берилади:

а) вақтинчалик ёки дубликат шахсий ҳужжатни берганлик учун қонунчиликда белгиланган миқдорда давлат божини (йиғимларини) тўлаш харажатлари;

б) йўқолган ҳужжат ўрнига берилган янги шахсий хужжат учун қонунчиликда белгиланган миқдорда давлат божини тўлаш харажатлари;

3. Истиснолар

3.1

Қуйидагилар (қуйидаги ҳолатлар) суғурта ҳодисаси деб ҳисобланмайди ва уларнинг оқибатида юзага келган зарар (зиён) қоплаб берилмайди:

қасддан шикаст етказиш натижада шахсий ҳужжатларнинг йўқотилиши, Суғурта қилдирувчининг ёки учинчи шахсларнинг фуқаролик бурчини бажариш ёки ҳаёти, соғлиғи, обрўси ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш билан боғлиқ бўлган ҳаракатлари бундан мустасно.

Йўқотилганлиги бўйича ариза берилган ўзларининг шахсий ҳужжатларидан Суғурталанган шахсларнинг ғаразли мақсадларда фойдаланишлари.

суғурта объекти, зарарнинг сабаблари ва миқдори тўғрисида Суғурта қилдирувчи томонидан била туриб ёлғон маълумотлар берилиши, шунингдек воқеа тафсилотларини тасдиқлашга ёхуд зарар миқдорига доир сохталаштирилган ҳужжатлар тақдим этилса;

бузилган (ўқиб бўлмайдиган) шахсий ҳужжатларни тиклаш;

суғурта шартномасида (суғурта полисида) реквизитлари кўрсатилмаган ҳар қандай шахсий хужжатларни тиклаш;

амал қилиш муддати тугаган шахсий хужжатни олиш (агар шахсий ҳужжатда унинг амал қилиш муддати белгиланган бўлса);

шахсий ҳужжатни олиш, агар хужжат режали алмаштирилиши керак бўлса ёки ЎзР қонунчилигига ўзгартириш киритилиш муносати билан алмаштириш;

Суғурталанган шахснинг шахсий ҳужжати йўқолиши натижасида ҳаётга, соғлиғига ёки мулкига етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги ҳар қандай талаблар;

шартномалар, контрактлар, келишувлар, шунингдек Суғурта қилдирувчининг (Суғурталанган шахснинг) шартномалар бўйича ўз мажбуриятларини бажариш доирасидаги бошқа фаолияти асосида арз қилинган ҳар қандай талаблар.

3.2

Суғурта қилдирувчининг (Суғурталанган шахснинг) қуйидаги кутилмаган харажатлари қопланмайди:

Суғурталанган шахсларнинг шахсий ҳужжатларини йўқотиш ва тиклаш билан боғлиқ воситачилик, консалтинг ёки юридик хизматлар учун харажатлар;

Суғурталанган шахсларнинг шахсий ҳужжатлари йўқолиши натижасида юзага келган яшаш харажатлари, транспорт ва хизмат сафари харажатлари;

табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар, шу жумладан маиший тусдаги офатлар натижасида йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган, қастдан яроқсиз ҳолатга келтирилган ҳужжатларни тиклашда тўланиши шарт бўлмаган давлат божлари ва йиғимлари.

3.3

Агар Суғурта қилдирувчи мазкур Қоидаларни шартларини бузганлиги Суғурталовчи томонидан аниқланса, ёки Суғурта қилдирувчи, зарар учун жавобгар шахсга нисбатан ўзининг талаб қилиш ҳуқуқидан бош тортса ёки Суғурта қилдирувчининг айби билан бундай ҳуқуқни амалга ошириш мумкин бўлмаса, Суғурталовчи суғурта товонини тўламайди (Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 957 моддаси).

3.4

Суғурталовчи мазкур Қоидаларда, суғурта полисида назарда тутилмаган ва қайд этилмаган ҳар қандай воқеаларга, шунингдек суғурта ҳудудининг ва суғурта полисининг амал қилиш муддатидан ташқарида содир бўлган воқеаларга нисбатан жавобгарлик олиб бормайди. Суғурталовчи, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган ҳолатларда суғурта товонини тўлаш мажбуриятидан озод қилинади.

4. Суғурта пули ва суғурта мукофоти

4.1

Мазкур Қоидаларга асосан Суғурта пули миқдори Суғурта полисида белгиланади.

4.2

Суғурта мукофоти миқдори Суғурталовчининг суғурта шартномаси (суғурта полиси) тузилган кунда амалда бўлган суғурта тарифлари асосида ҳисобланади ва суғурта полисида белгиланади.

4.3

Суғурта мукофоти, пул маблағларини Суғурталовчини банк ҳисобрақамига ўтказиш ёки Суғурталовчини банк ҳисоб рақамига нақд пул маблағларни кирим қилиш йўли билан ёхуд Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан рухсат этилган бошқа тўлов тизимлари воситасида тўланиши мумкин.

4.4

Пул маблағлари Суғурталовчи ҳисобрақамига келиб тушган кун суғурта мукофоти тўланган сана ҳисобланади.

4.5

Франшиза миқдори Суғурталовчи томонидан белгиланади ва суғурта полисида кўрсатилади.

5. Суғурта полисини расмийлаштириш тартиби

Суғурта полисини амал қилиш муддати. Суғурта полисини бекор қилиш ва тугатиш

5.1

Суғурта полиси мазкур Қоидаларга мувофиқ қуйидаги усуллардан бири билан расмийлаштирилиши мумкин:

Суғурта қилдирувчига, унинг ёзма ёки оғзаки аризасига биноан, шаҳсий ҳужжатлар аслини тақдим этган ҳолда, Суғурталовчи томонидан имзоланган суғурта полисини топшириш йўли билан;

Суғурта қилдирувчига унинг ёзма ёки оғзаки аризасига биноан, шаҳсий ҳужжатлар аслини тақдим этган ёки уларни электрон шаклда юкланган ҳолда, Суғурталовчи томонидан электрон ҳужжат шаклида тузилган суғурта полисини йўллаш йўли билан.

5.2

Суғурта полиси шартлашилган суғурта мукофоти тўлиқ ҳажмда тўлангандан кейин «Биринчи суғурта ҳодисасига қадар» шартида расмийлаштирилиб берилади. Суғурта мукофоти тўланган кундан кейинги куннинг 00:00 соатидан суғурта полисининг амал қилиш муддати бошланади.

5.3

«Биринчи суғурта ҳодисасига қадар» суғуртасида Суғурталовчи суғурта полиси шартларига тўғри келувчи, Суғурта қилдирувчи томонидан биринчи марта хабари берилган суғурта ҳодисаси бўйича суғурта товонини тўлаб беради. Суғурта полисининг амал қилиш муддати, Суғурта қилдирувчи томонидан биринчи марта хабари берилган суғурта ҳодисаси бўйича суғурта товонини тўланган пайтдан тугайди.

5.4

Суғурта полиси унинг амал қилиш муддати тугаганда, шунингдек Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида   назарда тутилган ҳолларда ва тартибда бекор қилинади.

6. Томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

6.1

Суғурта қилдирувчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

суғурта полиси амал қилиш муддатида мазкур Қоидаларнинг шартлари бўйича маслаҳатлар олишга;

суғурта ҳодисаси содир бўлганда, суғурталанган хавф бўйича, суғурта полисида белгиланган суғурта пули чегарасида суғурта товонини олишга;

Суғурталовчидан мазкур Қоидаларнинг шартларини бажарилишини талаб этишга.

6.2

Суғурта қилдирувчи мажбур:

шартлашилган суғурта мукофотини белгиланган миқдор ва тартибда тўлаши;

мазкур Қоидаларда назарда тутилган ва суғурта ҳодисаси белгиларига эга бўлган воқеа содир бўлганда, Суғурта қилдирувчи (Суғурталанган шахс) шахсий ҳужжат йўқолганлиги тўғрисида тегишли ваколатли органларга дарҳол хабар беришга;

тузилган суғурта шартномаси (суғурта полиси) шартларига мувофиқ қопланиши лозим бўлган харажатлар тўланган кундан эътиборан 30 (ўттиз) кун ичида Суғурталовчига суғурта товони тўғрисида ёзма ариза тақдим этиши;

суғурта полисининг амал қилиш даврида, суғурта шартномаси тузилаётганда Суғурталовчига маълум қилинган ҳолатлар бўйича ҳар қандай муҳим ўзгаришлар тўғрисида дарҳол, бу ҳақда ўзига маълум бўлган пайтдан 3 иш кун ичида ёзма равишда Суғурталовчини хабардор этишга, агар бундай ўзгаришлар суғурта ҳодисаси рўй бериш таваккалчилик даражаси ўзгаришига сезиларли таъсир қилиши мумкин бўлса.

Муҳим деб қуйидаги ўзгаришлар тан олинади: Суғурталанган шахснинг фамилияси (исми) ва бошқа шахсий маълумотларини ўзгартириши; доимий яшаш жойини ўзгартириш; Суғурталанган шахс томонидан шахсий ҳужжатнинг амал қилиш муддати тугаганлиги сабабли уни алмаштириш натижасида олиниши ва х.к..

6.3

Суғурталовчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

суғурта полиси расмийлаштирилгунга қадар ва ундан кейин исталган вақтда суғурталанган мол-мулкнинг ҳолатини баҳолаш учун уни кўрсатишни Суғурта қилдирувчидан талаб қилиш, шунингдек Суғурта қилдирувчи маълум қилган маълумотларни тўғрилигини текшириш;

зарурият туғилганда, содир бўлган суғурта воқеаси факти ва сабабларини, шунингдек етказилган зарарнинг рўйхати ва хусусиятларини тасдиқловчи ҳужжатлар ва ахборотларни тақдим этиш юзасидан ваколатли органларга сўров юборишга;

суғурта полисини бекор этишни талаб қилишга, агар Суғурта қилдирувчи мазкур Қоидаларнинг 6.2. (г) кичик бандига мувофиқ суғурта полиси шартларини оқилона ўзгартиришга ёки қўшимча суғурта мукофотини тўлашга эътироз билдирса.

6.4

Суғурталовчи мажбур:

Суғурта қилдирувчига мазкур Қоидаларнинг шартларини тушунтиришга;

суғурта полиси билан бирга мазкур Қоидаларни Суғурта қилдирувчига топширишга;

суғурта ҳодисаси содир бўлганда, мазкур Қоидаларда белгиланган тартибда суғурта товонини тўлаб беришга.

6.5

Суғурталовчи ва Суғурта қилдирувчи қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлишлари ва ўз зиммаларига бошқа мажбуриятларни ҳам олиши мумкин.

7. Суғурта даъволарини кўриб чиқиш тартиби ва

Суғурта товонини тўлаш шартлари

7.1

Суғурта қилдирувчи (Суғурталанган шахс) томонидан шахсий ҳужжатларни тиклаш харажатлари тўланган ва юзага келган воқеа суғурта ҳодисаси сифатида тан олинган тақдирда, суғурта товони Суғурталовчи томонидан суғурта шартномасига (суғурта полисига) мувофиқ қуйидаги ҳужжатлар асосида амалга оширилади:

Суғурта товонини тўлаш тўғрисидаги ариза;

Суғурта қилдирувчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхаси;

йўқолган хужжатдар ўрнига олинган суғурта қилдирувчининг (Суғурталанган шахснинг) шахсий ҳужжатларининг нусхалари (мавжуд бўлганда);

мазкур Қоидаларнинг 2.3 бандида назарда тутилган, тўланган харажатларнинг миқдорини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхалари, уларнинг тўланганлиги факти билан тасдиқланган ёзувлари билан.

Суғурталовчи, зарур ҳолларда, содир бўлган воқеа бўйича ахборотга эга бўлган ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидан ва бошқа муассаса ва ташкилотлардан воқеа билан боғлиқ маълумотларни мустақил равишда сўраб олиши мумкин, шунингдек суғурта воқеаси сабаблари ва тафсилотларини мустақил суриштиришга ҳақли.

7.2

Мазкур воқеага тегишли барча зарур ҳужжатлар олингандан ва барча тафсилотлар ўрганилгандан кейин, Суғурталовчи томонидан содир бўлган воқеани суғурта ҳодисаси деб тан олиш ёки тан олинмаслиги бўйича қарор қабул қилинади.

7.3

Суғурта товони миқдори мазкур Қоидаларнинг 2.3-бандида кўрсатилган кутилмаган харажатлар миқдорига тенг, бироқ Суғурта шартномасида (суғурта полисида) кўрсатилган суғурта пулидан ошиқ бўлиши мумкин эмас.

7.4

Суғурта қилдирувчи тақдим этган зарурий ҳужжатларга асосан Суғурталовчи суғурта ҳодисаси содир бўлганлиги фактини тан олса, Суғурталовчи 5 (беш) иш куни ичида барча олинган маълумотлар қайд этиладиган ва тўланилиши лозим бўлган суғурта товони миқдори белгиланадиган суғурта ҳодисаси тўғрисида далолатномани тузади. Суғурта ҳодисаси тўғрисидаги далолатномани Суғурталовчи ва Суғурта қилдирувчи имзолайди.

7.5

Суғурта товонини тўлашни рад этиш ёки тўлаш тўғрисидаги Суғурталовчининг қарори, Суғурта қилдирувчи суғурта товонини тўлаш бўйича қилган ёзма мурожаатидан кейин 15 (ўн беш) кун ичида маълум қилиниши лозим, рад этилганда рад этишнинг асослантирилган сабаблари кўрсатилиши лозим.

7.6

Суғурталовчи суғурта товонини суғурта ҳодисаси тўғрисидаги далолатнома тузилган кундан эътиборан 5 (беш) банк куни ичида Суғурта қилдирувчининг банк ҳисобрақамига пул маблағларини ўтказиш йўли билан тўлаб беради.

7.7

Агар воқеаси содир бўлганлиги факти муносабати билан жиноят иши, фуқаролик иш юритуви ёки маъмурий жазо қўллаш тўғрисида иш қўзғатилган бўлса, Суғурталовчи тўланиши лозим бўлган тўлов масаласи бўйича қарор қабул қилишни ваколатли органлар томонидан тегишли қарор қабул қилиш пайтига қадар кечиктириш ҳуқуқига эга.

7.8

Агар зарар суммаси зарар етказган шахс томонидан тўлиқ қоплаб берилса ва/ёки қопланаётган бўлса, Суғурта қилдирувчи суғурта товонини олиш бўйича ўз ҳуқуқини йўқотади.

7.9

Суғурта ҳодисаси содир бўлганлигини, шунингдек етказилган зарарларни исботлаш Суғурта қилдирувчи зиммасига юкланади.

8. Суброгация (регресс)

8.1

Суғурта қилдирувчи зарарни қоплаш бўйича етказилган зарарга нисбатан жавобгар шахсга бўлган талаб қилиш ҳуқуқи, тўланган суғурта товони миқдори доирасида Суғурталовчига ўтади.

8.2

Суғурта қилдирувчи, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 957-моддаси талабларига мувофиқ, Суғурталовчи ўзига ўтган талаб қилиш ҳуқуқини амалга ошириши учун зарур бўлган барча ҳужжатлар ва далилларни Суғурталовчига бериши ҳамда барча маълумотларни унга маълум қилиши шарт.

8.3

Агар Суғурта қилдирувчи Суғурталовчи томонидан қопланган зарарлар учун айбдор шахсдан талаб қилиш ҳуқуқидан воз кечса ёки ушбу ҳуқуқни амалга ошириш уларнинг ёки Суғурта қилдирувчининг айби билан имконсиз бўлса, Суғурталовчи суғурта товонини тўлиқ ёки тегишли қисмида тўлашдан озод қилинади ва тўланган суғурта товони миқдорини қайтаришни талаб қилишга ҳақли.

9. Томонлар жавобгарлиги

9.1

Зиммаларига олинган ўз мажбуриятларни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун Томонлар Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига мувофиқ жавобгар бўладилар.

9.2

Томонлар, агар улар бу ҳолнинг Томонлар олдиндан кўриши ёки оқилона чоралар билан олдини олиши мумкин бўлмаган фавқулодда хусусиятдаги воқеалар натижасида суғурта полиси тузилганидан кейин юз берган, енгиб бўлмас кучдаги ҳолатлар (форс-мажор) юзага келиши оқибатида юз берганлигини исботлай олса ва Томонлар ўз мажбуриятларини тегишлича бажариш юзасидан уларга боғлиқ бўлган ва мумкин бўлган барча чораларни кўрган бўлса, суғурта шартномаси (суғурта полиси) бўйича ўз мажбуриятларини бажармаслиги ёки тегишлича бажармаслиги учун жавобгар бўлмайди. Томонлар бир-бирини форс-мажор ҳолатлар юзага келганлиги ҳақида уларнинг юзага келиши пайтидан бошлаб 3 (уч) иш куни ичида хабардор этиши шарт.

Форс-мажор ҳолатлар юзага келган тақдирда, суғурта полиси бўйича Томонларнинг мажбуриятларни бажариш муддати мутаносиб равишда ушбу ҳодисалар рўй берган муддатга сурилади.

9.3

Томонлар, Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 23 ноябрдаги ЎРҚ-730-сонли “Суғурта фаолияти тўғрисида” Қонунининг 14 моддаси ва Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 933-моддасига мувофиқ, мазкур Қоидаларга бўйича муносабатлар муносабати билан уларга ошкор бўлиб қолган ахборотни махфийлигини таъминлаш ва уни ошкор этилишига йўл қўймаслик бўйича жавобгарлик олиб борадилар.

9.4

Суғурта қилдирувчи ҳамма фойдаланиши мумкин бўлган ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда тақдим этган маълумотлар бўйича Суғурталовчи жавобгарлик олиб бормайди.

9.5

Суғурта қилдирувчи суғурта мукофотини тўлаётиб, Суғурталовчига, Суғурталовчи томонидан суғурта полиси шартларини бажарилиши учун, шунингдек қонунга зид бўлмаган бошқа мақсадлар йўлида Суғурта қилдирувчининг ҳар қандай шахсий маълумотларидан ишлов беришга ва фойдаланишга розилигини билдиради. Ҳар қандай ахборотларга ишлов бериш ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ёки уларсиз амалга оширилади, шу жумладан суғурта полисини тузиш ва бажариш муносабати билан Суғурталовчига тақдим этилган шахсий маълумотларни йиғиш, тизимлаштириш, сақлаш, ўзгартириш, тўлдириш, улардан фойдаланиш, уларни бериш, тарқатиш, узатиш, эгасизлантириш ва йўқ қилиш, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигида назарда тутилган бошқа ҳаракатларни амалга ошириш.

10. Бошқа шартлар

10.1

Суғурта суғурта полисини бажарилишида юз бериши мумкин бўлган низолар ва келишмовчиликлар, имкон қадар Томонлар ўртасидаги музокаралар йўли билан ҳал этилади. Низоларни музокаралар йўли билан ҳал этиш мумкин бўлмаганда, Томонлар қонунчиликда кўзда тутилган судгача низоларни тартибга солиш таомилини амалга оширгандан кейин, уларни Ўзбекистон Республикасининг қонунчилиги билан белгиланган тартибда Суғурталовчини давлат рўйхатидан ўтган жойдаги судга берилади.

10.2

Суғурта полиси бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлар томонларнинг ёзма розилигисиз учинчи шахсларга ўтказилишига йўл қўйилмайди.

10.3

Мазкур Қоидаларда кўрсатиб ўтилмаган барча масалалар Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

10.4

Томонлар суғурта шартномасини бажаралиши доирасида ахборот алмашинувини электрон шаклда амалга оширишга ҳақли, жумладан суғурта қилдирувчи томонидан суғурталовчига мазкур Қоидаларда назарда тутилган суғурта шартномасини тузиш, ўзгартириш, муддатидан олдин тугатиш учун, суғурта қоидаларида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда суғурта товонини (суғурта пулини) олиш учун электрон шаклдаги ахборотни (суғурта шартномасини тузиш, ўзгартириш, муддатидан олдин тугатиш тўғрисидаги аризани, суғурта ҳодисаси юз берганлиги ҳақидаги билдиришномани, суғурта товонини тўлаш тўғрисидаги аризани ва (ёки) бошқа ҳужжатларни) яратиш ҳамда жўнатиш Суғурталовчининг Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайтидан, шунингдек мобиль иловалардан, электрон почтадан ва ахборот алмашишнинг бошқа усулларидан фойдаланилган ҳолда амалга оширилади. Суғурталовчининг расмий веб-сайтидан ушбу ахборот тизимининг оператори бўлган Суғурта қилдирувчи ва Суғурталовчи ўртасида электрон шаклдаги ахборот алмашинувини таъминлайдиган ахборот тизими сифатида фойдаланилиши мумкин.